АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг Аляскадаги учрашуви Украинада ўт очишни тўхтатиш ёки Киев билан Москва ўртасида тинчлик музокараларини бошлаш бўйича келишувга олиб келмади. Кейинчалик Доналд Трамп Fox News телеканалига берган интервюсида маълум қилишича, эҳтимолий мақбул ечим сифатида «Украина ва Россия ўртасида ҳудудлар алмашинуви» кўрилиши мумкин.
Трамп ва Путин музокаралари уч соат атрофида давом этди. Ҳозирча уларнинг батафсил мазмуни ҳақида маълумот кам, аммо Аляскадаги учрашув натижалари юзасидан АҚШ, Украина ва Европа иттифоқчилари ўртасида маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Кўриниб турибдики, энг хавфли сценарий — Вашингтон ва Москва ўртасида Киев иштирокисиз қандайдир келишувга эришишдан қочишга муваффақ бўлинди. Бироқ, саммитдан кутилган натижа —тўлиқ ўт очишни тўхтатишга эришилмади. Ғарб таҳлилчилари ушбу учрашувни айнан шундай баҳоламоқда. Ушбу саммит Украинадаги урушнинг якунланаётганига ишора бўлиши мумкинми?
«Путиннинг мамнун табассуми» — саммитнинг асосий сигнали
АҚШ ва Россия президентлари ўртасидаги келишувлар моҳиятига оид тўлиқ маълумот ҳали мавжуд бўлмаса-да, экспертлар ягона хулосага келди: Аляскадаги саммитдан энг катта фойдани Владимир Путин кўрди.
«Аниқ келишувларсиз ҳам, унинг АҚШ президенти билан яна бир бор музокаралар столида ўтиргани ўз-ўзидан Путинга халқаро даражада тан олиниш ва глобал ўйинчи сифатида қонунийлик имижини беради. У бу мақсадга 2022 йилдан бери тинмай интилиб келаётган эди», — деди Брюсселда жойлашган Вилфрид Мартенс номидаги Европа тадқиқотлари марказининг ташқи сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича илмий ходими Ионела Мария Чиолан DW нашрига берган изоҳида.
Аляскадаги учрашув «Путиннинг Трампга нисбатан яхшироқ тайёргарлиги ва манипуляция тактикаси»ни намоён этди, бу эса Россия раҳбарининг «Анкорижда ғалаба қозониши»га олиб келди, деб таъкидлайди Словакиянинг GLOBSEC таҳлилий марказидаги мудофаа масалалари бўйича илмий ходим Рожер Ҳилтон. Унинг сўзларига кўра, Путиннинг АҚШга ташрифи «Россия учун халқаро дипломатик нуфузини тиклаш ва намойиш этиш учун ажойиб имконият бўлди, шу билан бирга Россия тарғиботчиларига кўплаб контент яратиш учун замин яратди».
«Путин ғолиб бўлди, чунки Украинага қарши тажовузига қарамай, унга таъсирли давлатлар клубига қайтишга рухсат берилди ва бунинг учун ҳеч қандай муросага бориш талаб этилмади», — деб ҳисоблайди Брюсселдаги Friends of Europe таҳлилий марказининг катта илмий ходими, НАТОнинг собиқ юқори лавозимли расмийси Жейми Ши.
«Путин Украина ҳақида гапирганда, ўзининг максималистик талабларини такрорлади, Трамп эса Россияга нисбатан қўшимча босим ёки санкциялар ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтмади. Ҳолбуки, аввалроқ у Путин ўт очишни тўхтатмаса, санкциялар жорий этилишини билдирган эди, — деди таҳлилчи ва қўшимча қилди: Учрашув якунидаги Путиннинг мамнун нимтабассуми — саммитнинг энг асосий сигнали бўлди».
Оташкесим ҳамон узоқ истиқболли бўлиб қолмоқда
Деярли уч соат давом этган Трамп ва Путин музокараларида аниқ нималар муҳокама қилинганини тўлиқ билмасдан туриб, Аляскадаги саммит Украинадаги урушни тўхтатишга қандай ёрдам бериши мумкинлигини тушуниш қийин. Бироқ, мутахассисларнинг таъкидлашича, «Путиннинг Украинада ўз мақсадларига эришиш ва унинг таъбиридаги «урушнинг туб сабаблари»ни бартараф этиш ниятини ҳисобга олганда, бу учрашувнинг Россияни тўхтатиш учун қандайдир фойдаси бордек туюлмайди».
«Ҳозирча энг ёмон сценарийлардан қочишга эришилди. Лекин хафсалани пир қиладиган томони шундаки, уч томонлама учрашувга олиб борувчи йўлда ҳеч қандай муваффақият қайд этилмади. Путин эса ўзини етарлича жасур ҳис қилмоқдаки, икки томонлама мулоқотни давом эттирмоқда ва Ялта форматига асосланган дунё тартибини қайта жонлантирмоқда. Унда йирик давлатлар таъсир доираларини ўз орасида бўлиб олади», — деди DW билан суҳбатда GLOBSEC таҳлилий маркази вакили Рожер Ҳилтон.
Гарчи Доналд Трамп мазкур учрашувни «илгарилаш» сифатида баҳолаган бўлса-да, Ионела Мария Чиолан фикрига кўра, аслида ҳеч қандай ҳақиқий натижага эришилгани йўқ. Унинг таъкидлашича, «Трамп ўзини эришмоқчи бўлган оташкесим ҳамон узоқ истиқболдаги мўлжал бўлиб қолмоқда».
Европа ва АҚШ Украина бўйича иттифоқ тузиши учун ҳали вақт етарли
Шу билан бирга, Доналд Трампнинг Россия билан Украина масаласида Европа иттифоқчилари ва Володимир Зеленский билан келишмасдан музокара ўтказишга тайёр эмаслиги аниқ маълум бўлди, деб таъкидлайди таҳлилчи. Унинг фикрига кўра, бу «танқидий трансатлантик риторика даврида Европанинг аҳамиятини тан олиш сари қўйилган, ҳеч бўлмаганда қисман бўлса-да, муҳим қадам»дир.
«Эҳтимол, бу парадокс каби эшитилиши мумкин. Лекин Путин ва Трамп Аляскада бирор муҳим қарор қабул қилмагани — яхшилик аломати. Акс ҳолда Украина ва Европа содир бўлган факт қаршисида қолган бўларди», — деб таъкидлади НАТОнинг собиқ амалдори Жейми Ши. Унга кўра, энди «Европа АҚШ билан биргаликда Украина бўйича асл кўламли иттифоқ тузиш учун вақтдан юта олди. Шу орқали Москва-Вашингтон йўналишини кўп томонлама музокара жараёнига айлантириш мумкин. Худди АҚШ ва ЕИ Эрон ядро дастури бўйича амалга оширган формат сингари».
Брюсселда бу борада кўп маротаба таъкидланган: Европа Украина тинчлик жараёнида тўлақонли иштирок этиши керак. GLOBSEC маркази таҳлилчиси Рожер Ҳилтон Европа ва Трампнинг Украина манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ягона позиция шакллантираётганини ижобий ҳол сифатида баҳолайди. Унинг ишонч билан таъкидлашича, «кейинги қандай бўлмасин оташкесим ёки тўлиқ тинчлик режаси Европанинг фаол иштироки бўлмасдан амалга ошмайди».
Шу билан бирга, таҳлилчи огоҳлантиради: Европа ва АҚШ ўртасидаги биргаликдаги музокара формати ва Украина бўйича натижаларга эришишга «ҳозирги Трамп ва Путин ўртасидаги шахсийлаштирилган муносабатлар» салбий таъсир кўрсатиши мумкин. «Трамп Путин ким эканини англаб етмагунча, Европа ўз ҳаракатларини Киев билан мувофиқлаштиришга ва халқаро майдонда у билан бир овозда гапиришга қаратмоғи лозим», — деб маслаҳат беради Ҳилтон.
Вилфрид Мартенс маркази таҳлилчиси Ионела Мария Чиолан эса шундай хулоса қилади: Владимир Путин учун дипломатия тинчликка эришиш эмас, балки халқаро кайфиятни ўзи томонга буриш воситасидир.
«Россиянинг музокара тактикасининг моҳияти аниқ: тинчлик таклифлари ортидан вақт ютиш, Ғарб қўлловини заифлаштириш ва Украинани ички томондан беқарорлаштириш мақсад қилинган. Москва бир вақтнинг ўзида музокара таклиф қилиб, ҳарбий ҳаракатларни давом эттирар экан, бу билан муросага тайёрлигини эмас, балки босимни ошираётганини ва кучлар мувозанатини ўз фойдасига ўзгартиришни кўзлаётганини кўрсатмоқда», — дейди у.
«Аляска саммити тарих дарсликларга киритилмайди»
Умуман олганда, Доналд Трамп ва Владимир Путин учрашуви ортидан кўплаб саволлар қолди. Таҳлилчи Ионела Мария Чиолан фикрича, Аляскадаги саммит на Мюнхен-1938, на Ялта-1945 даражасида бўлди. «Ҳали жуда кўп ноаниқликлар борлиги инобатга олинса, тарих бу воқеани қандай баҳолашини гапиришга ҳали эрта».
Аляска саммитида аниқ натижаларнинг йўқлиги — бу «бундай учрашувлар етарли тайёргарликсиз, аниқ мажбуриятлар ёки талабларсиз, кўп жиҳатдан импровизация асосида ўтказилса ва АҚШ президенти Украинадаги урушга нисбатан аниқ позицияни танлай олмаса ёки самарали бўладиган даражада етарлича узоқ муддатда муайян стратегик йўналишни ушлаб туролмаса, нима содир бўлиши мумкинлигининг яққол мисолидир», — дейди Жейми Ши.
«Эҳтимол, Аляска саммити тарих дарсликларида тилга олинмас. Лекин у ерда АҚШ томонидан Украинанинг ҳудудий бўлиниши ёки Россиянинг бошқа талабларини қабул қилиш каби энг ёмон сценарийларнинг олдини олишга эришилди», — дея таъкидлайди Friends of Europe маркази таҳлилчиси.
Шу билан бирга, Жеймс Шининг огоҳлантиришича, ҳар гал Трамп Путин билан гаплашганда, у Россия нуқтайи назарига яқинлашади. «Зеленский ва Европа раҳбарларининг вазифаси —Трампни янада қатъийроқ ва принципиалроқ позицияга қайтариш», — деб хитоб йўллайди таҳлилчи.