Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА) ишлаб чиққан ҳужжат Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон элчилари ва Қирғизистон элчихонаси вакилининг иштирокида муҳокама қилинди. Gazeta.uz маълумотига кўра, ғоялар кузда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида кўриб чиқилади.
«Ҳозирги вақтда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг барқарор ва ижобий динамикаси шаклланмоқда. Биз мамлакатларимиз ўртасида ўзаро англашув, сиёсий ирода ва амалий ҳамкорлик даражаси ортиб бораётганини кузатмоқдамиз», — дея таъкидлади СИА директори Баҳодир Раҳматов.
Йўл харитаси 2025–2027 йилларга мўлжалланган дастлабки чора-тадбирларни ўз ичига олади. Унда:
Ягона транспорт таянч тузилмасини яратиш;
Чегараолди логистика марказларини ривожлантириш;
Ягона энергия бозорини шакллантириш;
Сув ва иқлимга оид ҳамкорликни кучайтириш;
Таълим ва тиббиёт стандартларини уйғунлаштириш каби таклифлар бор.
«Баъзи ташаббуслар жуда амбицияли бўлиб чиқди ва кейинги муҳокамалар учун қолдирилди. Аммо йўл харитасини шакллантираётган асосий йўналишлар ўзгаришсиз қолмоқда: энергетика, транспорт, сув ва иқлим, шунингдек, ижтимоий ривожланиш», — деди Азиза Умарова
Ҳужжат истиқболда 2030, 2040 ва 2050 йилларгача босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу жараён минтақавий интеграция ва умумий иқтисодий ривожланиш учун асосий йўналишларни белгилаб беради.
Марказий Осиё транспорт ва савдода ягона марказга айланади
2050 йилга қадар Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йирик транспорт-транзит маркази ҳамда эркин савдо ҳудудига айланиши мумкин.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги экспертлари минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларидан бири сифатида транспорт тизими ва савдони ривожлантиришни белгилади. Лойиҳалар орасида чегараолди логистика ҳабларини барпо этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва узоқ муддатли минтақавий инфратузилма дастурини ишлаб чиқиш бор. Шунингдек, ташаббусларни молиялаштириш учун Асосий транспорт инфратузилмаси жамғармасини тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов: — «Минтақамиз логистикага жуда боғлиқ, шунинг учун транспорт каркаси асосий омил ҳисобланади. Бугунги кунда чегараолди ҳудудларда савдо ҳаблари, эркин ҳудудлар ва яшил йўлаклар ташкил этилмоқда. 10 йил олдин бу имконсиз туйилган бўлса, бугун бу ҳақиқатга айланди. Бироқ ўтказиш пунктларида муаммолар сақланиб қолмоқда: тирбандликлар, кечикишлар, тор жойлар. Биз бу масалаларни инфратузилмани модернизация қилиш орқали ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз, аммо логистиканинг ўсиши тезроқ. Шунинг учун, реконструкция ва кенгайтириш ҳақида гапирганда, стратегик фикрлаш керак — камида 30 йил олдинни кўрган ҳолда» — дея таъкидлади.
Марказий Осиё давлатлари ягона энергия бозори сари
Марказий Осиёда 2040 йилга қадар ягона энергия бозори ва тариф сиёсатини йўлга қўйиш, ерости газ омборлари тармоғини яратиш режалаштирилмоқда.
Йўл харитасининг энергетика бўлимида минтақада мавсумий таъминотни мувозанатлаш учун қўшма газ омборлари қуриш, энергия самарадор ва кам углеродли технологияларни жорий этиш, миллий тармоқларни интеграция қилиш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, энергетика тизимини рақамлаштириш ва стандартларни уйғунлаштириш ҳам устувор йўналиш сифатида қайд этилган.
Аксарият ташаббусларни амалга ошириш 2025–2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, мувофиқлаштириш Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва тегишли идораларга топширилиши таклиф этилмоқда. Агентлик вакили Азиза Умарова энергетика блоки ҳали такомиллаштиришни талаб қилишини таъкидлаб, илмий марказларни фаол жалб этиш зарурлигини билдирди.
Тожикистон элчиси Абдужаббор Рахмонзода эса минтақадаги қўшма энергетика лойиҳаларининг аҳамиятига тўхталди. У CASA-1000 электр узатиш линияси қурилиши якунланганини ва бу орқали ортиқча энергияни Афғонистон ҳамда Покистонга экспорт қилиш имкони яратилганини мисол сифатида келтирди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, бундай ташаббуслар минтақа мамлакатларига ташқи бозорларда биргаликда ҳаракат қилиш, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш имконини беради.
Сув ва иқлим бўйича қўшма чоралар
Минтақавий музокараларда трансчегаравий сувларни бошқариш ва иқлим барқарорлиги асосий масала бўлди. Афғонистонни ҳам шартномавий жараёнларга жалб этиш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Йўл харитаси доирасида 2050 йилгача чўлланишга қарши умумий дастур ишлаб чиқиш, кўкаламзорлаштириш, прогнозларни алмашиш ва маълумотларни рақамлаштириш орқали ягона иқлим ҳабини ташкил этиш таклиф қилинди. 2026 йилга бориб мамлакатлар аграр ва сув сиёсатини мувофиқлаштириш, юқори технологияли мониторинг тизимларини жорий этиш ва қонунчиликни уйғунлаштириш ниятида. Мувофиқлаштириш Ўзбекистоннинг экология, сув ва қишлоқ хўжалиги ҳамда адлия идораларига юклатилиши таклиф этилмоқда.
Азиза Умарова экология ва сув ресурслари масалаларида биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади:
«Бу ерда биргаликда нима қила олишимизни кўриш муҳим. Масалан, иқлим ҳаби доирасида умумий прогнозлар, эрта огоҳлантириш тизимлари, сув захиралари ва музликлар бўйича маълумотларни рақамлаштириш устида ишлаш мумкин. Буларнинг барчасини алоҳида мамлакатлар миқёсида эмас, балки минтақа миқёсида амалга ошириш мақсадга мувофиқдир».
«Афғонистонни музокаралар ва халқаро келишувларга жалб қилиш жуда муҳим. Бугунги кунда улар сувнинг 15−20 фоизини олмоқда, аммо келажакда бу кўрсаткич 30 фоизгача етиши мумкин. Шунинг учун афғон томони ҳам музокаралар столида ўтириши ва сув танқислигининг ҳақиқий муаммосини тушуниши керак. Биргаликда муҳокама қилмасдан туриб, бу масалани ҳал қилиб бўлмайди», — деди Бейбут Атамкулов.
Ижтимоий ривожланиш стратегияси
Минтақада ижтимоий ривожланиш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилиб, ягона ижтимоий маконни шакллантириш ва маданий меросни халқаро даражада тарғиб этиш режалаштирилмоқда.
Мутахассислар таклиф қилган лойиҳалар ичида анъанавий тўқимачиликни оммалаштириш, қўл меҳнати икатини ҳимоя қилиш ва Тожикистон ҳамда Қирғизистон билан интеллектуал мулк соҳасида қўшма иттифоқ тузиш масаласи алоҳида ўрин эгаллади. Шунингдек, жамоавий товар белгилари ва географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш, ҳунармандлар ҳамда ёшлар учун ўқув марказлари ташкил этиш таклиф қилинди.
Азиза Умарова таъкидлашича, ижтимоий ривожланиш энг осон амалга ошириладиган йўналиш ҳисобланади. У 2040 йилга қадар таълим ва суғурта стандартларини уйғунлаштириш, дипломларни ўзаро тан олиш ва меҳнат ресурслари учун ягона бозор яратиш имконияти борлигини қайд этди. Бу эса одамларнинг эркин ҳаракатланиши ва ишлаш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.
Қозоғистон элчиси Бейбут Атамкулов эса минтақада аҳоли сонининг жадал ўсиши таълим ва инсон капиталига катта эътибор қаратишни талаб қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 80 миллиондан ортиқ аҳоли жойлашган Марказий Осиё ички бозори катта салоҳиятга эга бўлиб, жаҳон учун малакали кадрлар манбаи сифатида ривожланиши мумкин.
Йўл харитаси доирасида гуманитар ҳамкорлик, оммавий спорт ва рақамли турнирлар, шу жумладан киберспортни ривожлантириш каби ташаббуслар ҳам назарда тутилган. «Марказий Осиё — 2050» китобини тайёрлаш эса эксперт фикрлари ва фуқароларнинг эсселарини бирлаштириш орқали минтақанинг истиқболини очиб беришга қаратилган.