Мўғулистондан Ўзбекистонга зотдор қўйлар импорти бошланди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Мўғулистондан етказилиши кутилган 100 минг бош қўйнинг дастлабки мингтаси 16 август куни юртимизга кириб келди, деб хабар бермоқда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси.

Mongolia sheeps

Улар «Bayad» зотли қўйлар бўлиб, Нaвoий вилоятида кўпайтириш учун авиарейс орқали етказилди.

Режага кўра, октябр ойи охирига қадар 60 та рейсда 50 минг бош, ноябр–декабрда яна 50 минг бош қўй олиб келинади. Шундай қилиб, 2025 йил якунига қадар умумий ҳисобда 100 минг бош қўй Ўзбекистонга келтирилади.

Сафар доирасида қўмита раиси Баҳром Норқобилов ва Мўғулистон бош вазири ўринбосари С.Амарсайхан музокаралар ўтказди. Унда қўй ва эчки экспорти учун давлат божи 18 доллардан 7 долларга туширилиши юзасидан келишувга эришилди.

Президент қарорига кўра, 2025–2026 йилларда Мўғулистондан 100 минг бош майда шохли мол олиб келиниб, маҳаллий шароитда кўпайтириш орқали уларнинг сони 2029 йилгача 1 миллион бошга етказилади. Шунингдек, жун ва кашемирни қайта ишлаш, Мўғулистонга мева-сабзавот экспортини кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тажрибасини алмашиш режалаштирилган.

Давлат қўллови доирасида 2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлар Мўғулистондан қўй ва эчки импорт қилганда авиаташиш харажатларининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.