Бу ҳақда «Azon Global» портали хабар берди.
«Суд 2025 йилнинг 19 август, сешанба куни соат 15:00да Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани судида, судя Бобур Раҳимов раислигида бошланади. Суднинг очиқ ёки ёпиқ ўтиши ҳозирча номаълум», деб хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) шу йилнинг 10 май, шанба куни Ўзбекистонга депортация қилинганидан буён ҳибсда қолаётган эди.
У Жиноят кодексининг 244 прим 3 моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, кейинроқ шу модданинг 1-қисми «г» банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Орадан сал фурсат ўтиб, айбловларга 156-моддаси 2-қисми ҳам ишга қўшилган.
Аввалроқ, унинг адвокати Руслан Содиқов «Мубашшир Аҳмад домла «Аzon tv» каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатгани учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўғатилган», — деб ёзган эди.