Жорий йил январ–июл ойларида Ўзбекистон ҳудуди орқали Қозоғистон газ транзити 921,7 миллион метр кубни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Қозоғистон орқали рус газини етказиб бериш ҳажми ҳам ортиб бормоқда, бу кўрсаткич 2026 йилга бориб 11 миллиард метр кубга етиши режалаштирилган. Қозоғистон томони қўшни мамлакатга нефт транзити ва етказиб беришни ҳам таъминлашга тайёрлигини тасдиқлаган.
Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов ва Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Бахтиёр Иброҳимов икки томонлама «Йўл хариталари» бажарилиши ва барча қўшма ташаббусларни муҳокама қилган.
Аккенженовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан шериклик стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қўшма лойиҳалар минтақадаги энергия тизимларини мустаҳкамлайди ва барқарор ривожланишга хизмат қилади.