Янги келишувга кўра, икки мамлакат авиакомпаниялари ҳафтасига жами 238 та парвоз амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Ташкентдан Олмаота ва Остонага ҳафтасига 42 тагача рейс йўлга қўйилиши мумкин. Бошқа йўналишларда эса ҳафтасига 14 тагача рейс амалга оширишга рухсат берилди. Ўзбекистон томони маълумотича, айрим йўналишларда бу кўрсаткич 7 та парвоз билан чекланиши мумкин.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги аниқлик киритиб, келишувга кўра барча йўналишларда умумий парвозлар сони ҳафтасига 238 тани ташкил этишини билдирди. Шунингдек, томонлар мунтазам рейслар бажариш учун белгиланган пунктлар сонини ҳам кўпайтиришга келишиб олди.
Қўшимча равишда, икки давлат авиакомпаниялари янги йўналишларни йўлга қўйди. Хусусан, 3 июлдан Ўзбекистоннинг Centrum Air авиакомпанияси Актау – Нукус йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта рейс амалга оширмоқда. 15 июлдан эса Қозоғистоннинг Fly Arystan компанияси Атирау – Ташкент йўналиши бўйича ҳафтасига уч рейс йўлга қўйди.
Янги келишув икки давлат ўртасида транспорт алоқаларини мустаҳкамлаб, ишбилармонлик ва маданий ҳамкорлик билан бирга туризм ривожига ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳафтасига 1000 та авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.