AP хабарига кўра, 15 август куни кундузи Сиэтлнинг ғарбий қисмида жойлашган заргарлик дўконига тўрт нафар ниқобли шахс ҳужум қилиб талон-тарож қилди. Улар болғалар билан эшикни синдириб кириб, олтита пештахтани бузиб, қимматбаҳо буюмларни йиғиб кетишган.
Жиноятчилар ўғирлаб кетган буюмлар сони аниқланди: улар Rolex соатларини тахминан 750 минг долларлик ҳажмда, шунингдек, 125 минг долларлик зумрад тақинчоқни ўғирлаб кетишган. Полиция маълумотича, улар ходимларни қўрқитиш мақсадида электрошокер ва айиққа қарши спрей ишлатишган, аммо ҳеч ким жабрланмаган.
Дўкон эгаси Жош Менаше ходимлар қаттиқ қўрққанини ва дўкон маълум вақт ёпиқ қолишини айтди. Ҳозирда зарар тўлиқ ҳисобланмоқда.
Ҳодиса жойига полиция қисқа вақтда етиб келган бўлса-да, ўғрилар машинада қочиб кетишга муваффақ бўлишган. Улар ҳозир қидирилмоқда. Текширув ишлари давом этмоқда.