Сирдарёда қалбаки 150 минг долларни 30 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

10:05 | 3 дақиқада ўқилади.

Сирдарё вилоятида тезкор тадбирда қалбаки 150 минг АҚШ долларини муомалага киритишга уриниш олди олинди.

Soxta pul

Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган операцияда Оқолтин туманида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро ушланган. У қалбаки 150 минг долларни «шартли харидор»га ҳақиқий 30 минг долларга сотишга уринган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Маълумотларга кўра, ушбу шахс илгари ҳам жиноят содир этганлиги учун судланган. Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди 2024 йил декабр ойида уни Жиноят кодексининг 168 ва 176-моддаларига асосан айбдор деб топган ва 1 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Шу сабабли у ҳозирда жазо ўтаётган шахс ҳисобланади.

Текширув жараёнида қалбаки купюралар Қозоғистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб кирилгани маълум бўлди. Айбланувчи уларни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи бошқа бир фуқародан олганини айтган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди ва тергов ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ҳам 50, 100 ва 200 минг сўмлик жами 315,5 млн сўмлик қалбаки купюралар, шунингдек, 100 АҚШ долларлик жами 120 минг АҚШ доллари миқдорида қалбаки банкноталар мусодара қилингани ҳақида хабар берган эдик.