Трамп ва Путин учрашуви якунлари: Украина бўйича келишувга эришилмади

09:42 | 3 дақиқада ўқилади.

Аляскада ўтган Трамп–Путин музокараларида Украина масаласида келишувга эришилмади, аммо тарафлар айрим йўналишларда яқинлашишга эришганини таъкидлади.

Trump alaska1

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Аляскадаги юқори даражадаги музокаралардан кейин Украина бўйича келишувга кела олмаганини эълон қилди. Трамп журналистларга берган баёнотида учрашувни «жуда самарали» деб баҳолаган бўлса-да, айрим масалаларда келишув юз бермаганини таъкидлади.

«Биз кўп йўналишларда келишдик. Бироқ бир нечта муҳим нуқталарда умумий фикрга кела олмадик. Лекин келишувга эришиш имкониятлари ҳали ҳам юқори», — деди Трамп. Унинг сўзларига кўра, яқин кунларда у НАТО ва Украина президенти Володимир Зеленский билан музокараларни давом эттириб, учрашув натижалари ҳақида маълумот бериши режалаштирилган.

Оқ уй хабарига кўра, Россия ва АҚШ делегациялари ўртасидаги қўшма тушлик бекор қилинган, шунингдек кенгайтирилган таркибдаги учрашув ҳам ўтказилмаган. Музокаралар олдиндан белгиланган 6–7 соат эмас, балки тахминан уч ярим соат давом этган. Россия томонидан музокараларда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва президент ёрдамчиси Юрий Ушаков иштирок этган. АҚШ делегациясида эса Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио ва президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф қатнашди.

Матбуот анжумани якунида Трамп Путин билан «яхши муносабатлар» сақланаётганини қайд этди ва яқин вақтда яна учрашиш эҳтимолини билдирди. Путин навбатдаги саммитни Москвада ўтказишни таклиф этди. «Бу қизиқ ғоя. Мен учун осон бўлмаса-да, бу амалга ошиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин», — дея жавоб қайтарди Трамп.

Учрашув якунлари шу тариқа Украина масаласида ҳал қилувчи келишувсиз тугади, бироқ тарафлар музокаралар давом этишидан умидворлигини билдиришди.