Университетлар контракт нархини ошира бошлади

15:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб талабалар учун шартнома нархларини 15 фоизга оширишини маълум қилди. Университет матбуот хизматига кўра, бу қарор асосан молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Diplomatiya

Маълум қилинишича, ЖИДУда кечки, сиртқи ва масофавий таълим шакллари мавжуд эмас. Шу сабабли университет бюджети асосан кундузги таълимдан тушадиган шартнома маблағларига таянади.

Янги нархлар бўйича 1–2-курс талабалари учун шартнома 33,75 млн сўм (стипендиясиз) ва 40,59 млн сўм (стипендияли) этиб белгиланди. 3–4-курсларда эса тўлов миқдори 27,3 млн сўмдан 34,14 млн сўмгача ўзгармоқда. Чет эллик талабалар учун шартнома нархи 38,4 млн сўмдан 44,8 млн сўмгача белгиланди.

Магистратура босқичида маҳаллий талабалар 34,56 млн сўм (стипендиясиз) ёки 41,4 млн сўм (стипендияли) тўлайдилар. Чет эллик магистрлар учун эса нарх 44,8 млн сўмдан 51,2 млн сўмгача белгилаб қўйилган.

Шу тариқа, университет таъкидлашича, контракт миқдорининг ошиши таълим жараёни ва молиявий барқарорликни таъминлашда зарур қадам ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 1 августидан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори ҳам 10 фоизга оширилган эди.