Xизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳалари давлат бюджетига 36,8 трлн сўмга яқин солиқ тўлади

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳалари давлат бюджетига йирик миқдорда солиқ тўлади. Умумий кўрсаткичлар бу тармоқларнинг иқтисодиётдаги аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди.

Dollar sum

Хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган 160 мингдан ортиқ юридик шахс томонидан 19,1 трлн сўм солиқ тўланган. Шунинг 3,5 трлн сўми йирик 20 корхона ҳиссасига тўғри келган. Уларнинг товар айланмаси 43,4 трлн сўмга етган, солиқ имтиёзлари эса 2,6 трлн сўмни ташкил этган.

Савдо соҳасида 145 мингдан ортиқ корхона ярим йилликда 16,9 трлн сўмдан зиёд солиқ тўлади. Бунинг 1,3 трлн сўми энг йирик 20 корхона ҳиссасига тўғри келган. Савдо корхоналарининг умумий товар айланмаси 25,8 трлн сўмга етди, улар фойдаланган имтиёзлар эса 97,9 млрд сўм бўлди.

Умумий овқатланиш соҳасида эса 20 мингдан зиёд корхона томонидан 809,8 млрд сўм солиқ тўланган. Шунинг 156,3 млрд сўми 20 та йирик корхона ҳиссасига тўғри келган. Уларнинг товар айланмаси 2 трлн сўм бўлиб, 19,2 млрд сўмлик имтиёздан фойдаланган.

Солиқлар таркибида хизмат соҳасида асосий улуш фойда солиғи (1 трлн сўм) ва QQS (926,8 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келди. Савдо соҳасида эса QQS (464,4 млрд сўм) ва аксиз солиғи (278,8 млрд сўм) етакчи бўлди. Умумий овқатланишда асосий тўловлар QQS (65,8 млрд сўм) ва ЖШОДС (41,4 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келди.

Бу кўрсаткичлар хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳалари давлат бюджети барқарорлиги ва солиқ манбаларида муҳим роль ўйнаётганини кўрсатмоқда.