Зеленский: Россия музокара куни ҳам қотиллик қилишни давом эттирмоқда

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасидаги Аляскадаги музокаралар куни ҳам Россия қўшинлари тинч шаҳарларга ҳужум қилишни давом эттираётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Москва урушни тугатишга тайёргарлик кўрсатмаяпти.

Zelensky

Зеленский разведка ва дипломатик хизматлардан Россия делегациясининг учрашувга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги маълумотларни, шу билан бирга янги ҳужумлар тўғрисидаги хабарларни олаётганини таъкидлади.

«Сумида — Россиянинг марказий бозорга ҳужуми. Днепр областида — шаҳарлар ва корхоналарга зарбалар. Запороже, Херсон ва Донецк областларида – Россиянинг қасддан қилинган ҳужумлари. Уруш давом этмоқда», — дея у таъкидлади.

Президент 15 август куни Украинанинг бир нечта ҳудудларига зарба берилганини ва бу, унинг фикрича, Кремлнинг ҳақиқий ниятларини кўрсатишини таъкидлади.

«Россиянинг урушни тугатишга тайёрлигини билдирувчи ҳеч қандай белги йўқ. Аляскадаги музокаралар куни ҳам руслар одамларни ўлдиришни давом эттирмоқда ва бу ўз-ўзидан кўп нарсани англатади», — деди Зеленский.

Давлат раҳбари кеча АҚШ ва Европадаги ҳамкорлар билан тинчликка яқинлаштириши мумкин бўлган амалий қадамларни муҳокама қилганини қўшимча қилди.

«Украина урушни тугатиш учун имкон қадар самарали ишлашга тайёр. Биз Американинг қатъий позициясига умид қиламиз, чунки руслар фақат кучни тан олади», — дея якунлади Зеленский.

Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Суми шаҳри марказидаги бозорга зарба берилгани ҳақидаги хабарлар «Анкорижда бўлиб ўтадиган Россия-АҚШ музокараларини издан чиқариш мақсадида салбий медиа муҳитини яратишга қаратилган атайлаб уюштирилган провокация» эканлигини таъкидламоқда.

Баёнотда айтилишича, Россия қуролли кучлари Суми ва бошқа шаҳарларга «ҳеч қандай зарба» бермаган.