Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Фориш тумани ҳокими ўринбосари қишлоқ хўжалигига ихтисослашган МЧЖ томонидан аукционда ютилган 204 гектар суғориладиган ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтармаслик ва келгусида ундан эркин фойдаланиш имконини таъминлаш учун пора талаб қилган. У жорий йил июн ойида тадбиркордан умумий 30 минг АҚШ доллари олишни шарт қилиб қўйган.
Ҳоким ўринбосари дастлаб 20 минг долларни ҳозир бериши, қолган 10 минг долларни эса ҳосил йиғимидан сўнг тўлаши кераклигини айтган. У пулнинг дастлабки қисмини ўз хизмат автомашинасида қабул қилиб олган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Текширув натижасида мазкур мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгани билдирилди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қайд этилди. Тергов жараёни якунлангач, ҳоким ўринбосарининг қилмиши судда кўриб чиқилади.