Видеони Youtubeʼда томоша қилинг:
👉https://youtu.be/aYC1LrGRdDA
Сўнгги ҳафта ичида дунё ва мамлакатимизда содир бўлган энг аҳамиятли воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз. «Уч қаҳрамон» бозоридаги ёнғин, субсидия ўрнига фоизсиз ссуда, «Бунёдкор» стадионидаги концерт оқибатлари ҳамда «Afrosiyob» поездига қарши қўпорувчилик учун жазо ва бошқа воқеалар шулар жумласидандир.
«Уч қаҳрамон» бозорида рўй берган ёнғин
Тошкент туманининг пойтахт билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Уч қаҳрамон» бозорида рўй берган ёнғин ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири бўлди.
Кенг кўламли ёнғин бозорда 11 август тонгги соат 02:20 ларда содир бўлди. Олов 03:24 да қуршаб олинган ва 04:46 да тўлиқ ўчирилгани маълум қилинди.
Бозорнинг умумий дўконлар қурилган майдони 20 минг метр кв. бўлиб, 8 минг метр кв. майдондаги 181 та дўкон ёниб, тадбиркорларга 74 млрд сўмлик моддий зарар етган. Гарчи, ёнғинга электр симлари носозлиги сабаб бўлгани айтилаётган бўлса-да, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида дўконларга атайлаб ўт қўйилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминларни илгари суришди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 1 мартдан бошлаб бозор ўрнида метрополитен учун инфратузилма қурилиши бошланади.
Зарар кўрган тадбиркорлар тақдир ҳукмига ташлаб қўйилгани йўқ. 14 август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бозорга ташриф буюриб, тадбиркорлар билан учрашди. Уларнинг 165 нафарига савдо фаолияти олиб бориши учун вақтинча жой ажратилди. Ҳозирча улар кўрган зарар қоплаб берилиш-берилмаслиги ҳақида аниқ гап айтилганича йўқ.
AИ-92 бензини нархи пасайдими ё ошди?
Ҳафта ичида «Ўзбекнефтгаз» АИ-92 бензини нархи пасайгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатди: гўёки биржа савдосига бензиннинг бир тоннаси нархи 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширилгани эълон қилинди.
Бироқ «Ўзбекнефтгаз» сўнгги марта 2024 йилнинг 18 октябрида АИ-92 бензини 11 млн 538 минг сўмдан сотилишини эълон қилган. Ўтган 9 ой давомида эса биржага чиқарилаётган бензин нархи ўзгаргани борасида ҳеч қандай маълумот бермаган.
Агар 2024 йилги маълумотга таянадиган бўлсак, бензин нархи қарийб 10 фоизга кўтарилган.
- Хўш, Марказий Осиё давлатларида бензин нархи қанча?
Қозоғистон: 4758–5061 сўм
Қирғизистон: 10 200 сўм
Туркманистон: 5451 сўм
Тожикистон: 12 925 сўм
Ўзбекистон: 10 500 сўмдан 11 300 сўмгача.
Таққослаш учун яна бир марта эслатиб ўтамиз: Ўзбекистонда АИ-92 бензин литри ўртача тахминан 10 минг 500 сўмдан сотилмоқда. Демак, Ўзбекистонда бензин нархи фақат Тожикистондагидан бироз арзонроқ, холос.
Женнифер Лопес концерти стадион чимини расво қилди
Дунё мамлакатлари бўйлаб концерт турнесига чиққан Женнифер Лопес стадионларнинг дабдаласини чиқармоқда. Тошкендаги «Бунёдкор» стадиони чими ҳам концертдан сўнг яроқсиз аҳволга келди.
7 август куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Женнифер Лопеснинг концерти бўлиб ўтди. 25 мингдан ортиқ чипта сотилиб, стадион томошабинлар билан тўлди. Аммо, бу стадион чимига жиддий зарар етказди. Стадионнинг сув узатиш ва дренаж тизимлари, шунингдек, саҳна жойлаштирилган ҳудудлар сезиларли даражада шикастланган. Муттахассислар чимни тўлиқ алмаштиришни тавсия қилмоқда, акс ҳолда майдон ола-була бўлиб қолади.
Спорт журналисти Нарзулла Сайдуллаев агроном билан суҳбатлашганини билдириб, зарарланган майсалар махсус техника ёрдамида олиб ташланиши ва «Бунёдкор»да бундай техника борлигини айтди. Майдон чимининг тўлиқ тикланиши учун тахминан 2 ой керак бўлади.
Қайд этиш лозимки, «Бунёдкор» стадион Женнифер Лопеснинг концертидан зарар кўрган ягона стадион эмас. Арманистон пойтахти Еревандеги Вазген Саркисян номидаги стадион чимлари ҳам сарғая бошлаган.
Бир асрлик ушалмас орзу
Жаҳон банки маълумотларига кўра, айни пайтда паст даромадли мамлакатлар қаторига кирувчи Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатларга етиб олишига 100 йилдан кўпроқ вақт керак бўлар экан.
Бу Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича «Тадбиркорлик, технология ва инновациялар орқали ўсишни тезлаштириш» номли ҳисоботида ўз аксини топган. Ҳисоботда минтақамиздаги ривожланаётган давлатлар қанча муддатда аҳоли жон бошига даромад бўйича юқори даромадли давлатлар даражасига етишига оид прогноз ўрин олган.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича ривожланган давлатларга етиб олиш учун Қозоғистон ва Туркманистонга қарийб 40 йил, Қирғизистонга 70 йил, Ўзбекистон ва Тожикистонга эса 100 йилдан ортиқроқ вақт керак бўлар экан. Боз устига Ўзбекистон бу маррага Марказий Осиё давлатлари орасида энг охирги бўлиб етиб бориши тахмин қилинмоқда.
Аммо айрим иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон паст-ўрта даромадли мамлакатлар тоифасини яқин 5 йиллар ичида тарк этгач, «ўрта даромад қопқони»га дучор бўлади ва ҳеч қачон бу тоифани тарк эта олмайди.
Айни пайтда аҳоли жон бошига 3200 АҚШ долларидан зиёдроқ кўрсаткич билан Ўзбекистон паст-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига киради. Юқори-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига кириш учун аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот миқдори 4515 долларни, юқори даромадли мамлакат ҳисобланиши учун номинал даромад 14 000 долларни ташкил этиши керак.
Аҳолига субсидия ўрнига фоизсиз қарз
2025 йилдан бошлаб аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар босқичма-босқич бекор қилинади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг ўрнини фоизсиз қарзлар — ссудалар эгаллайди. Бу ўзгариш маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш ҳамда уларнинг белгиланган муддатда қайтарилишини таъминлаш учун жорий этилмоқда.
Жорий йилда 6 турдаги субсидия айнан фоизсиз ссуда шаклида берилади. Маблағлар фақат белгиланган мақсад учун йўналтирилади ва шартнома асосида белгиланган вақтда қайтарилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур тартиб субсидиялардан суиистеъмол қилиш ҳолатларини камайтиради ҳамда давлат маблағларининг айланмада самарали фойдаланилишини таъминлайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу чоралар аҳоли бандлиги ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда янада барқарор механизм яратишга хизмат қилишини билдирмоқда.
«Afrosiyob»ни ағдармоқчи бўлганлар қамалди
Шу йилнинг январ ойида Самарқанд вилоятида «Afrosiyob» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этилган эди. Жиноятчилар узоқ муддатга қамалди.
14 январ куни Пахтачи туманида «Afrosiyob» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилган. 2023 йилнинг декабрида иш лавозими қисқартирилганидан норози бўлган собиқ бригадир ўзининг ҳамкасби билан жиноий режа тузган.
Улар 110 кило оғирликдаги темир-бетон шпални релслар устига кўндаланг ҳолатда қўйиб, воқеа жойидан қочган. Орадан 15 дақиқа ўтгач, саҳнида 150 йўловчи билан соатига 159 км тезликда ҳаракатланаётган поезд шпал билан тўқнашган. Бунинг натижасида поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етган.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди қонунбузарларни айбдор деб топиб, бирига 13 йил, иккинчисига 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Суд ҳукмига кўра, «Афросиёб» поездига етказилган 260 миллион сўм зарар ҳам қоплаб бериладиган бўлди.
Пойтахт йўллари яна «ўлим трассаси»га айланадими?
Жамоатчилик вакиллари таъсири билан 2023 йилда пойтахт кўчаларида автотранспорт воситалари учун соатига 60 км.гача туширилган тезликни яна 80 гача кўтариш таклиф қилинди.
Таклифни шошқалоқ ҳайдовчилар эмас, шаҳар йўлларда хавфсизлиги учун бевосита масъул бўлган мансабдор шахс Тошкент Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов берганига неччи баҳо?
12 август куни шаҳар кенгаши йиғилишида у Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш, Тошкент ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида автомобиллар учун белгиланган максимал тезлик чегарасини соатига 80 кмга ошириш таклифини билдирган.
Шунингдек, 12 та кўчада бир томонлама ҳаракат йўлга қўйилиши ва 500 та чорраҳада светофорлар узлуксиз қувват манбалари билан жиҳозланиши ҳам режага киритилган.
Алимовнинг сўзларига кўра, ташаббус маҳаллий ва хорижий тажриба таҳлили, тирбандлик ва ЙТҲларни камайтириш мақсадида илгари сурилган. Савол берган депутатлар ҳам таклифга қарши чиқишмаган, шунчаки қарор қачондан амалга оширилишини сўраш билан чекланишган.
Мазкур таклиф жамоатчилик ва фаоллар томонидан кескин танқид қилинмоқда. Эътирозларда мавжуд тезликнинг 20 километрга оширилиши пойтахт кўчаларини яна «ўлим трассаси»га айлантириши таъкидланди.
Чунки соатига 80 км тезлик билан тўқнашув 60 км/соатга нисбатан пиёда учун ўлим хавфини сезиларли оширади.
Тунги автобуслар йўлга қўйилади
Тошкент шаҳрида тунги автобус ҳаракати йўлга қўйилиши мумкин. Бундай автобуслар қизил тусда бўлади ва соат 22:00 дан 06:00 гача ҳаракат қилади. Бу ҳақда 12 август куни шаҳар кенгаши йиғилишида транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Аллаёр Норбўтаев маълум қилди. Лойиҳа маҳаллий бюджетдан 33 миллиард сўм талаб этади.
Автобуслар аэропорт, вокзал, метро бекатлари, туризм кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик бозорлар, талабалар ётоқхоналари ҳамда шифохоналар орқали ҳаракат қилади. Умумий 15 та йўналишда 54 автобус дастлабки босқичда ярим соатлик оралиқ билан йўлга қўйилади.
Чипта нархи кундузги тариф билан бир хил бўлади. Туризм комиссияси чипталар нархини икки баробар қиммат белгилашни таклиф қилган бўлса-да, транспорт бошқармаси буга қарши чиққан, чунки тунги вақтда шошилинч сафарлар ҳам бўлади.
Тошкентнинг янги аэропорти қаерда қурилади?
Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қурилиши учун 1200 гектар майдонда жой танланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев хабар берди.
Янги халқаро аэропорт Ўрта Чирчиқ туманида жойлашиши мумкин. Шу билан бирга, Бекободдан Бўка, Пискент ва Нурафшон орқали пойтахтга олиб борадиган темирйўл қуриш ҳам режалаштирилган.
Янги аэропорт қурилиши ҳақидаги илк маълумот 1 август куни Президент матбуот хизмати томонидан берилган эди. Режага кўра, 2030 йилга келиб Тошкент шаҳрида авиайўловчилар оқими 15 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Ҳозирги аэропорт бу ҳажмдаги йўловчиларни қабул қилиш имкониятига эга эмас, дейилмоқда.
Ҳолбуки яқин-яқингача Тошкентда янги аэропорт қуришга зарурият йўқлиги, терминалларни кенгайтириш эвазига мавжуд имкониятлардан фойдаланиб туриш ҳақида гапирилган, шу мақсадда ҳаттоки Тошкент аэропортига олиб ўтувчи йўл ўтказгич кўприк 511 миллиард сўмга таъмирланган эди.
Президентнинг ғазоликларга ёрдам ҳақидаги фармони
Ўзбекистонга олиб келинган ғазоликларга доимий ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Молиявий ёрдам, уй-жой ижараси харажатлари ва шахсий ижтимоий хизматлар тўлиқ давлат томонидан қопланади. Бу борада Президент фармони қабул қилинди.
Фармонда қайд этилишича, меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар бир шахс (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлардан ташқари) учун ҳар ой минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси тўланади. Шунингдек, ҳар бир оилага уй-жой ижара харажатлари давлат томонидан қопланади.
Фаластинлик меҳмонларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ва дафн учун тўланадиган ёрдам пули Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган миқдорда амалга оширилади. Ҳар бир оилага бирламчи зарурий ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўпламини харид қилиш учун қўшимча кўтарма пул ажратилади. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга давлат нафақаси тайинланади.
Ғазоликлар фарзандлари давлат болалар боғчаларига бепул қабул қилинади. Ота-оналар 2028 йил 1 январгача боғча хизматлари учун тўловдан озод этилади.
Очиликдан ўлаётган ғазоликлар
Сўнгги хабарларга кўра, Ғазо секторида тўрт нафар фаластинлик очликдан ҳалок бўлди. Шу тариқа қурбонлар сони 239 нафарга етган.
Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир ал-Буршнинг таъкидлашича, фаластинликлар Исроил қамали ва ҳужумлари туфайли юзага келган очарчилик оқибатида ҳалок бўлишда давом этмоқда.
Қатъий қамал, инсонпарварлик ёрдамининг чекланиши, озуқа, сув, дори-дармон, тиббий ва гигиена воситаларининг етишмаслиги туфайли Ғазо сектори ҳалокатли ҳуманитар инқирозни бошдан кечирмоқда. Очликдан ўлим ҳолатлари, айниқса, болалар орасида кўпаймоқда.
Минтақавий ва халқаро манбалар Исроил «очлик ва ташналикни қурол сифатида» қўллаётганини таъкидламоқда.