Шавкат Мирзиёев Покистон президентига таъзия йўллади

18:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Покистонда кучли муссон ёмғирлари ва кўчкилар 300 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу фожеа муносабати билан Покистон президенти Асиф Али Зардари ва бош вазир Шаҳбоз Шариф номига таъзия йўллади.

Pakistan

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилишича, Мирзиёев ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайишини тилаган.

Покистондаги кучли ёмғирлардан энг катта талофот Хайбер Паxtунхва областида қайд этилди. Маълумотларга кўра, камида 74 та уй вайрон бўлган. Қутқарув ишлари вақтида эса М-17 ҳарбий вертолёти ҳалокатга учраб, ундаги 5 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Област раҳбари Али Амин Гадапурнинг айтишича, вертолёт Афғонистон билан чегарадош Бажаур туманига йўл олган бўлган.

Покистон метеорология хизмати мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида 21 августга қадар кучли ёмғирлар давом этишини маълум қилди. Айрим минтақалар расман фалокат зонаси деб эълон қилинди.

Фалокатлар нафақат Покистон, балки қўшни Ҳиндистон назоратидаги Кашмирда ҳам оғир оқибатларга олиб келмоқда. Ҳимолай тоғлари етакларидаги қишлоқларда тўсатдан сув тошқинлари юз бериб, камида 60 киши ҳалок бўлди. Яна кўплаб одамлар бедарак йўқолгани хабар қилинмоқда.