Тошкент шаҳар ИИББ маълумотича, интернет орқали эълон қилинаётган уй ижараси ортидаги фирибгарлик ҳолатлари кўпайган. Улар ўзларига тегишли бўлмаган хонадон суратларини ижарага таклиф қилиб, арзон нарх қўйишади. Талабалар ва уларнинг ота-оналари бундай эълонларга ишониб, уйни сақлаб қўйиш ёки икки ойлик ҳақни тўлаш шарти билан олдиндан пул ўтказишади. Бироқ тўлов амалга оширилгандан сўнг фирибгарлар алоқани узиб, ёзишмаларда фойдаланувчиларни блоклайди.
Пойтахт полицияси фуқароларни уйни шахсан кўрмасдан туриб ҳеч қандай тўлов қилмасликка чақирмоқда. Ижара шартномасини ҳам фақат уй эгаси билан шахсан учрашгач тузиш тавсия қилинмоқда. Шунингдек, шахсий маълумотларни тасдиқланмаган шахсларга юбормаслик зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, талабалар учун давлат йотоқхоналарига ариза топшириш жараёни 1 августдан бошланган. Аризалар my.gov.uz портали орқали қабул қилинмоқда. Аввало имтиёз ва устуворликка эга талабалар жойлаштирилади, қолган ўринлар эса курсларга қараб тақсимланади.
Тақсимотга кўра, бирламчи тартибда
1-курс талабалари учун 55–65 фоиз,
2-курс талабалари учун 15–20 фоиз,
3-курс ва юқори курсдагилар учун эса 20–25 фоиз ўрин ажратилади. Аризалар олийгоҳдаги ўқув йили якунлангунча қабул қилинади.