Урсула Фон дер Ляйен ўзининг X саҳифасида ёзишича, у Зеленский таклифига кўра мазкур саммитга қўшилади. Унинг айтишича, 17 август куни Брюсселда Зеленский билан суҳбат ўтказиб, «Кўнгиллилар коалицияси» видеоконференциясида биргаликда иштирок этади.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Европа иттифоқи Украинани қанча зарурият бўлса, шунча қўллаб-қувватлашини маълум қилмоқда.
«Биз Украинани ҳам, Европанинг ҳаётий хавфсизлик манфаатларини ҳам ҳимоя қилиш учун мустаҳкам хавфсизлик кафолатларига эга бўлишимиз керак. Украина ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиши лозим.
Украина қуролли кучларининг кўламига ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги керак. Шу жумладан, учинчи давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик масаласида ҳам».
Фон дерляянга кўра, Украина потенциал босқинчилар «юта олмайдиган» «пўлат кирпи»га айланиши керак.
«Европа Иттифоқи АҚШ президенти Доналд Трампнинг НАТОнинг Бешинчи моддаси доирасида Украинага енгилроқ кафолатлар беришга қаратилган ташаббусини олқишлайди.
Ҳудудий масалаларда халқаро чегараларни куч билан ўзгартириб бўлмайди. Бу қарорларни фақат Украина қабул қилиши мумкин ва Украинадан бошқа ҳеч ким. Бу қарорлар Украинасиз музокара столида қабул қилинмаслиги керак.
Қонхўрлик давом этар экан, Европа иттифоқи Россияга нисбатан санкциялар босимини давом эттиради. Биз аллақачон 18 та санкциялар пакетини маъқулладик ва сентябрь бошида қабул қилиниши керак бўлган 19-пакетга тайёргарликни тезлаштирмоқдамиз», — деди Еврокомиссия президенти.
Sky News маълумотига кўра, Вашингтонга Германия канцлери Фридрих Мерц ва Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳам йўл олади. Шунингдек, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Финландия президенти Александр Стубб ташрифини тасдиқлади.
Bloomberg манбаларига кўра, НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам саммитда қатнашиши кутилаётгани айтилган.
Bild нашри эса Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳам Вaшингтонга ташриф буюриши эҳтимолини қайд этди.
Европа раҳбарлари Трамп-Зеленский учрашувида яна даҳанаки жанг бўлишининг олдини олиш мақсадида шахсан иштирок этишаётгани айтиомлқда.
Аввалроқ Зеленский 18 август куни Вашингтонда Трамп билан учрашиши ҳақида хабар берган (https://vaqt.uz/2025/08/16/zelenskiy-18-avgust-kuni-vashingtonda-tramp-bilan-uchrashadi/) эдик.