Тахтақорача довонида янги пулли туннелни хитойликлар қуриши мумкин
Хитойнинг «Poly Changa» компанияси Тахтақорaча довонида йирик пулли туннел қуриш лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда. Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, вазир Илҳом Маҳкамов компания бош директори Жечун Мяо билан учрашиб, Китоб—Шаҳрисабз—Қарши автомобил йўлини қайта қуриш ҳамда Тахтақорачада туннел қуриш масалалари муҳокама қилди. Ушбу компаниянинг халқаро тажрибаси мазкур йирик инфратузилма лойиҳасига жалб этилиши мумкин. Вазир Илҳом Маҳкамов 2025 йил июлида туннел қурилиши бўйича халқаро тендер ўтказилаётганини маълум қилган. Унга кўра, учта компания даъвогарлик қилмоқда ва улардан бири август ойида ғолиб деб топилиши кутилмоқда. Кейинчалик тендер ғолиби билан шартнома имзоланиб, қурилиш ишлари бошланади.
Режага кўра, туннел узунлиги 7 километрни ташкил этади ва давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этилади. Лойиҳа қиймати тахминан 100 млн долларга баҳоланган. Янги туннелдан пулли йўл сифатида фойдаланиш кўзда тутилмоқда
.
Ўзбекистонда ишсизлик 5,1 фоизга тушди
Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси 5,1 фоизни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу давридаги 5,8 фоиз ва икки йил олдинги 8,1 фоиздан пастга тушди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 15,4 миллиони иқтисодий жиҳатдан фаол, шундан 14,6 миллиони расмий равишда иш билан банд ҳисобланади, 781,6 минг киши эса ишсиз сифатида қайд этилган.
Ҳисобот даврида расмий меҳнат улуши 19 фоизга ошган, норасмий сектор эса 13,6 фоизга камайган. Норасмий иш ўринлари асосан қишлоқ хўжалиги ва қурилишда юқори бўлиб, сўнгги етти йилда умумий улуши 60 фоиздан 38 фоизга тушган. Экспертлар бу ҳолатни расмий иш жойларидаги харажатларнинг юқорилиги билан изоҳлайди, президент топшириғига кўра эса меҳнат бозорида соддалаштириш ва самарали шарт-шароит яратиш чоралари кўрилмоқда.
Қурилиш компанияларининг солиқдан 1 трлн сўмдан ортиқ қарзи бор
2025 йил 1 август ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 млн сўмдан юқори қурилиш корхоналари 1 163 та, уларнинг жами қарзи 1 трлн сўмдан ортиқ. Шундан 385,3 млрд сўми, яъни 38 фоизи солиқ қарзи энг йирик бўлган 10 та корхона ҳисобига тўғри келади. Ҳудудлар кесимида энг кўп қарз Тошкент шаҳрида қайд этилган — 393,1 млрд сўм. Кейинги ўринларда Андижон вилояти (123 млрд сўм) ва Тошкент вилояти (69,9 млрд сўм) турибди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, йирик қарздор компаниялар солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариши давлат бюджети барқарорлиги ва иқтисодиётнинг шаффофлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон бизнес муҳити индекси беш поғона юқорилади
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг сўровномасига кўра, ҳар тўртинчи тадбиркор охирги уч ойда қўшимча ходим ишга олган. Июл ойида бизнес муҳити индекси 52 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 бандга юқори бўлди. Июн ойидаги ҳолат 47 бандни кўрсатган эди.
Хусусан, ҳозирги ҳолат индекси бир йил ичида 44 бандга кўтарилиб, 14 бандлик ўсиш кузатилди. Сотувлар ҳажмининг кенгайиши, ишчи кучига талабнинг ошиши ва ишлаб чиқариш барқарорлиги бунни қўллаб-қувватловчи асосий омиллар бўлди. Сўровномаға кўра, келажакдаги кутилмалар бироз пасайди — 66 банддан 59 бандга тушди. Ўтган ойда эса кутилмалар 6 бандга ошиб, 80 банд бўлиши айтилган эди. Бироқ натижалар кутилгандек бўлмади, аксинча энди пасайиш прогноз қилинмоқда.
Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этилади
Майнинг соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистонда майнинг учун махсус зона ташкил этилади. Бу ҳақда Президентнинг «Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорида келтирилган.
Қайд этилишича, махсус зонада майнинг фаолияти фақат қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, ягона энергетика тизимига уланган ҳолда энергиядан фойдаланишда махсус тарифлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа бўйича ҳужжатлар Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.