22−23 август кунлари Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Маҳаллалар, қабристонлар ва кўчаларни ободонлаштириш билан бирга эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.

Hashar

Ўзбекистонда 22−23 август кунлари «Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.

Маълумотларга кўра, ҳашар доирасида 24 минг гектардан зиёд майдонларда иш олиб борилади. Мамлакат бўйлаб 10 724 та қабристон, 638 та зиёратгоҳ ва 143 мингдан ортиқ кўчалар тартибга келтирилади. Шунингдек, 20 миллиондан ортиқ дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилади.

Ҳашар чоғида ижтимоий аҳамиятга эга ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 44 мингдан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари таъмирланади. Шу билан бирга, 61 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорларига кўра, хайрия ҳашарлари фақат ихтиёрийлик асосида ташкил этилади. Аҳолини қурилиш-таъмирлаш ёки қишлоқ хўжалиги каби бошқа жамоат ишларига мажбурий жалб қилишга йўл қўйилмайди. Барча ободонлаштириш ишлари меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг мазкур қарори 2018 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида юз берган фожиадан кейин қабул қилинган эди. Ўқитувчи Диана Енекеева йўл ободонлаштириш ишлари пайтида юк машинаси остида ҳалок бўлгани ортидан ҳашарлар фақат президент ёки ҳукумат қарори билан ўтказилиши қатъий белгиланган.