Америкаликлар Украинага хазина излаб бормоқда

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Сентябр ойида Америка делегацияси Украинага ташриф буюриб, фойдали қазилмалар бўйича инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилади.

Ukr

АҚШ делегацияси сентябр ойида фойдали қазилмалар бўйича битим масалаларини муҳокама этиш учун Украинага ташриф буюришни режалаштирмоқда, деб маълум қилди Украина иқтисодиёт, атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалиги вазири Алексей Соболев.

«Ҳозирда биз жамғарма кейинги 12 ой ичида маблағ киритиши мумкин бўлган инвестиция лойиҳалари рўйхатини тайёрламоқдамиз. Сентябр ойида Қўшма Штатлардан катта делегация келади ва бу каби лойиҳаларни кўздан кечириш учун Украина бўйлаб саёҳат қилади», — дея Соболевнинг сўзларини келтиради «Эспрессо» нашриёти.

Вазир жорий йилда жамғарманинг АҚШ билан ҳамкорликда амалга оширадиган дастлабки инвестициялари маълум бўлишига умид билдирди. У келишув доирасидаги биринчи лойиҳалар аллақачон молиялаштирилганини маълум қилди. Бундан ташқари, Украина парламентида йирик сармояларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилмоқда. Соболевнинг айтишича, сентябрь ойида ушбу келишув бўйича жамғарма кенгашининг йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

АҚШ Молия вазирлиги илгари Вашингтон ва Киев ҳукуматлари апрел ойи охирида Украина табиий бойликларига оид битим имзолаганини эълон қилган эди. Украина томонининг маълумотларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ер ости бойликлари бўйича шартнома Украина ҳудудидаги барча ресурслар Киевнинг мулки ва назорати остида қолишини кафолатлайди. АҚШ инвестиция фондига маблағ киритиши мумкин, жумладан, Украинага янги ёрдам доирасида, масалан, ушбу минераллар тўғрисидаги келишув асосида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш орқали. 8 май куни Олий Рада депутати Ярослав Железняк Украина парламенти Вашингтон билан мазкур битимни ратификация қилганини маълум қилди.