Бишкекда «Zakovat Asian Cup II» турнири ўтказилади

11:15 | 3 дақиқада ўқилади.

20 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Марказий Осиё ёшларини бирлаштирувчи «Zakovat Asian Cup II» турнири бўлиб ўтади.

Zakovat

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг Телеграм каналида 20 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида «Zakovat Asian Cup II» турнири ўтказилишини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, «Zakovat» чегара ва тўсиқларни йўққа чиқараётган, Марказий Осиёнинг энг зукко ёшларини бир майдонда бирлаштираётган ўйинга айланиб бормоқда. Саида Мирзиёева мазкур турнир минтақавий маънавий яқинлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайди, деб таъкидлади.

Турнир икки қардош халқ – Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги яқин ва самимий муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда. Шавкат Мирзиёев президентлигида бошланган қўшни давлатлар билан ишончли ва манфаатли ҳамкорлик сиёсати бу йўналишда янги имкониятлар очиб берди.

Бишкекдаги мусобақа орқали ёшлар интеллектуал ривожланиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, минтақавий дўстлик, ҳамкорлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш жараёнига ҳисса қўшиши кутилмоқда.

«Zakovat Asian Cup II» турнирнинг ўтказилиши Марказий Осиё давлатлари ўртасида билим, тажриба ва маданий алоқаларни янада бойитиши ҳамда ёш авлод учун янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.