2021 йилдан бери ташкил этиб келинаётган Давлат хавфсизлик хизмати кубоги футбол ва мини-футбол мусобақаси ёшлар орасида оммалашиб бормоқда. Жорий йилда мамлакат бўйлаб 254 мингдан зиёд ўғил-қизлар турли босқичларда майдонга тушди.
Танловнинг биринчи босқичи туман ва шаҳарларда апрел-май ойларида, иккинчиси эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида июн-июл ойларида ўтказилди. Энди энг кучлилар 18–23 август кунлари пойтахтдаги «Бунёдкор» футбол академияси майдонларида баҳс олиб боради.
Республика босқичида 42 та жамоа ғалаба учун майдонга чиқади. Финал беллашуви 23 август куни «Жар» стадионида бўлиб ўтади. Мусобақа мамлакат миқёсидаги энг йирик ёшлар футболи тадбирларидан бири сифатида қайд этилмоқда.
Соврин сифатида ўғил болалар мусобақасида ғолиб чиққан жамоаларнинг маҳаллаларига мини-футбол майдони қуриб берилади. Иккинчи ўрин соҳибларига универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол учун), учинчи ўрин эгаларига эса стритбол майдони яратиб берилади.
Қизлар мусобақасида эса ғолиб ва совриндор жамоалар пул мукофотлари билан тақдирланади. Бу спорт турларига қизиқишни янада ошириш ҳамда маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш мақсадида йўлга қўйилган.