«Газпром» раҳбари Алексей Миллер Туркияда газ хаби лойиҳасининг муваффақиятсизликка учраганини тан олди. У бунга сабаб қилиб, хаб оператори бошқарувида ўринларнинг учдан икки қисмини Анқарага бериш таклифига қарамай, турк ҳамкорларининг қизиқиш билдирмаганлигини кўрсатди.
Ички манбаларга кўра, Миллер ва Россия Энергетика вазирлиги раҳбари Сергей Цивилёв лойиҳа бўйича ишчи гуруҳларни тарқатиб юборган. Лойиҳа «туғилмасдан ўлган» деб баҳоланди, бу эса «Газпром»нинг Европа бозоридаги ўз мавқеини тиклаш имкониятини йўққа чиқаради.
Россия Федерацияси бюджетининг нефт-газ даромадлари июл ойида 27 фоизга, январ-июл ойлари давомида эса 18,5 фоизга пасайди. Urals нефтининг нархи бир баррел учун 60,4 доллар бўлди. «Газпром» компаниясининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги зарари 10,7 миллиард рублни ташкил этди, даромади эса 4 фоизга ошиб, 3,05 триллион рублга етди. Миллер 2026 йилгача ўз лавозимини сақлаб қолиши ва ислоҳотларни амалга оширишни ваъда қилмоқда.