Киев Трампни Путин билан биргаликда Украинага босим ўтказишда айблади

08:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Украина расмийларини Доналд Трампнинг Путин билан келишув эҳтимоли Киевни хавотирга солмоқда, деб ёзмоқда Financial Times.

Kiev trump

Нашрнинг ёзишича, Украина расмийлари ва жамоатчилик вакиллари АҚШ президенти Доналд Трампни Путинга нисбатан кескин чора кўрмагани учун танқид қилмоқда. Анкориждаги музокараларда Путин ўт очишни тўхтатишни рад этганидан кейин Трамп Москвага босим ўрнига, Украинадан «муваққат тинчлик шартномаси»ни қабул қилишни исташини билдирган. Путин эса бунинг эвазига Донбассни топшириш, Қримни тан олиш ва Украинага НАТОга қўшилишни тақиқлашни талаб қилган.

«Бу ортдан урилган пичоқ», — деди Украина расмийларидан бири. Олий Рада ташқи ишлар қўмитаси раиси Олександр Мережконинг таъкидлашича, Трамп Путин билан бирлашиб, Киевни таслим бўлишга мажбурлашга уринаётган бўлиши мумкин. У Анкоридж саммити натижаларини «даҳшатли» деб баҳолади.

Мережконинг фикрича, саммитда Путинга ўт очишни тўхтатиш талаби қўйилиши керак эди, акс ҳолда оғир оқибатларга дуч келиши айтилади. Бироқ Путин ўз шартларини қўйиб, оташкесимдан бош тортди. Трампдан эса ҳеч қандай реакция кузатилмади.

Украина парламенти депутати Иванна Климпуш-Цинцадзе Россияга ер топшириш кейинчалик янги ҳужумлар учун майдон яратишини билдирди. «Бундай талабларни бажариш Путиннинг амбицияларини янада кучайтиради», — деди у.

Жамоатчилик фаоли Олга Айвазовская ва депутат Роксолана Пидласа ҳам йирик ҳудудлардан воз кечиш Украинанинг суверенитетига таҳдид эканини қайд этди. FT нашрининг ёзишича, Донбассдан воз кечиш масаласи украин жамиятида кескин баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.

AFP манбасига кўра, Трамп де-факто Путиннинг Донбассни тўлиқ назоратга олиш ва фронтни Херсон ҳамда Запорижжяда музлатиб қўйиш талабини қўллаб-қувватламоқда.

18 август куни Вашингтонда Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Учшарувларда шу жиҳатлар муҳокама мавзуси бўлиши кутилмоқда.