«Мистер 880»: 10 йил давомида қалбаки доллар ясаган қария

12:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Ню Йорк тарихида энг узоқ қидирилган сохта пул ясвочи — Эмерих Юттнер 10 йил мобайнида фақат бир долларлик сохта купюралар ясаб, уларни ўтказиш билан кун кечирган.

False usd 06

Австрияда ишчи оиласида туғилган Юттнер 1890 йилда — 13 ёшида яхши ҳаёт излаб Америкага келган. Ню Йоркка етиб келгач, расм рамкаларига зарҳал безак тайёрлайдиган устахонада шогирд бўлиб ишлади. Фотосуратчилик билан қизиқиб, янги турдаги фотоаппарат ихтиро қилишга уринди, аммо Kodak компанияси унинг чизмаларини рад этди. Кейин венецияча махсус пардалар лойиҳасини ишлаб чиқди, аммо ишлаб чиқарувчилар унинг ихтиросидан воз кечди.

1937 йилда унинг рафиқаси 61 ёшида вафот этиб у ёлғиз қолди. Боз устига, ишидан ҳам «қариб қолди», деган баҳона билан бўшатишди. Бу вақтга келиб, фарзандлари ҳам аллақачон уйдан чиқиб кетиб, у алоҳида яшарди. Қария эса тирикчилик учун шаҳар чиқиндихоналаридан чиқиндилар йиғиб, арзон нархга сотиш билан кун кўра бошлади. Шунда унга пул топишнинг бошқа йўлини топиш ҳақида ғоя келди – у сохта пул ясашга қарор қилди.

False usd 02

1938 йилда доллар банкноти суратини олди ва кислотадан фойдаланиб тасвирни рух пластиналарига ўтказди. Чоп этиш сифатсиз чиққанидан, у ҳар бир сохта купюрани қўлда безаб чиқарди. Юттнернинг ошхонасида кичик қўлбола босмахона пайдо бўлди. Ҳафтасига атиги 15 доллар ишлатарди ва шу маблағ унга кун кўришга етарди. У сохта пулни камдан-кам ишлатар ва ҳар доим янги жойларда тўлов қиларди.

Қўлбола босмахонасида тайёрланган пуллар арзон қоғозда, хато ҳарфлар жойи алмашган ҳолда чоп этилар, Жорж Вашингтон сурати эса аслига ўхшамасди. Ҳатто унинг исми «Washington» ўрнига «Wahsington» деб ёзилганди. Илк ойда бутун Ню Йорк бўйлаб 40 та купюра топилди. Бир йилда улар сони 585 тага етди.

False usd 03

Махфий хизмат сохта пул ясвочига «Мистер 880» деб ном берди. «Мистер 880 иши» тарихдаги энг узоқ қидирувга айланди. 1947 йилга келиб, шаҳарда 7000 га яқин сохта доллар топилди — бу ўша даврдаги барча қалбаки пулларнинг 5 фоизини ташкил этар эди.

Унинг фош бўлиши эса мутлақо тасодифан юз берган. 1948 йилнинг қишида унинг уйида ёнғин чиқади. Чиқиндилар орасидаги сохта пуллар дастаси ва пластиналар маҳаллий болалар қўлига тушиб, алал-оқибат полициягача етиб борди. Шундай қилиб, агентлар унинг эшигини қоқиб келишди ва 73 ёшли қария барчасини тан олди. У ҳеч қачон бир доллардан ортиқ пул билан ҳисоб-китоб қилмаганини, одамлар эса энг кўпи билан 1 доллар йўқотганини айтди.

False usd 04

Суд унинг ёшини ҳисобга олиб, 1 йил 1 кун қамоқ ва 1 доллар жарима жазосини берди. Тўрт ойдан кейин шартли равишда озод қилинди.

1950 йилда унинг ҳаёти асосида «Мистер 880» филмини суратга олинди, Филм «Олтин Глобус» мукофотини олди ва «Оскар»га номзод бўлди. Юттнер бу филмдан маблағ ишлаб, қолган умрини фаровон ўтказди. У 79 ёшида вафот этди.