Наманганда ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари фош этилди

16:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан яширин «ҳужра»ларда пул эвазига диний таълим берган шахсларнинг фаолияти тўхтатилди.

Dxx

Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар бошқармаси тезкор тадбирлари давомида Наманган шаҳри ҳамда туманларда моддий манфаатдорлик асосида диний ўқиш ташкил этилган ҳолатлар аниқланган.

Балиқчи кўчасида истиқомат қилувчи 1995 йилда туғилган фуқаро кўп қаватли уйда 15 нафар шахсга сабоқ бергани маълум бўлди. Маърифат маҳалласидаги 1974 йилда туғилган аёл эса уйида 14 нафар вояга етмаган болага дарс ўтган ва ҳар биридан ойига 1,5 миллион сўмдан олган.

Янги Наманган туманида 1983 йилда туғилган шахс 10 нафар қиз ва 3 нафар фуқарога яширинча таълим берган. Уйчи туманида ҳам 48 ёшли фуқаро уйида болаларни ноқонуний таълимга жалб қилган.

Шу каби қонунбузарликлар Тўрақўрғон ва Наманган туманларида ҳам қайд этилди. Фаолияти фош этилган шахслар ва болаларни назоратсиз қолдирган ота-оналарга нисбатан қонунчилик асосида чора кўрилди.

Мутасаддилар таъкидлашича, Ўзбекистонда дунёвий ва қонуний диний таълим учун етарли имкониятлар мавжуд. Шу боис фарзандларнинг келажаги учун ота-оналар масъулият билан ёндашиши лозим.