Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2025 йилнинг биринчи ярмида сезиларли равишда пасайиб, 5,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
2025 йилнинг январ-июн ойларида мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 20,3 млн кишига етди. Уларнинг 15,4 миллиони иқтисодий жиҳатдан фаол, шундан 14,6 млн киши иш билан банд ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, июн ойи якунига кўра 781,6 минг киши ишсиз сифатида қайд этилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу давридаги 5,8 фоиз ва икки йил олдинги 8,1 фоиз даражасидан анча паст.
Ҳисобот даврида иш билан таъминланганлар таркибида расмий меҳнат улуши ошган. Жами 8 млн киши (55 фоиз) расмий ишга жойлашган бўлса, 4,8 млн киши (33 фоиз) норасмий секторда меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, 1,8 млн ўзбекистонлик хорижда ишлаб келмоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, расмий меҳнат жойлари 19 фоизга кўпайган, норасмий меҳнат эса 13,6 фоизга камайган.
Норасмий секторнинг юқори улуши қишлоқ хўжалигида (60 фоиз) ва қурилиш соҳасида (41 фоиз) қайд этилмоқда. Бироқ сўнгги етти йилда умумий норасмий иш ўринлари улуши 60 фоиз дан 38 фоизгача тушган. Экспертларнинг фикрича, асосий сабаб — иш берувчилар учун расмий меҳнат шартларидаги харажатларнинг юқорилиги.
Марказий иқтисодий тадқиқотлар институти директори Обид Ҳакимов маълум қилишича, президент топшириғига кўра расмий иш жойларидаги харажатларни қисқартириш, ишга олиш ва ишдан бўшатиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда мавсумий ишчилар билан самарали шарт-шароит яратиш чоралари кўрилади.