Қарорга кўра, дастур доирасида ҳар йили Давлат бюджетидан камида 1,3 трлн сўм йўналтирилади, халқаро молия институтлари маблағларидан эса 300 млн доллар ўзлаштирилади. Ушбу маблағлар асосан ирригация тармоқларининг 2 551 км қисмини реконструкция қилишга сарфланади.
Шунингдек, сув таъминоти етарли бўлмаган суғориладиган ерлар ҳажми 424 минг гектардан 276 минг гектаргача қисқартирилиши кўзда тутилмоқда. Бу орқали сувдан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни оширишга эришиш режалаштирилган.
Қарорга асосан, республика сув кенгаши ташкил этилиб, унинг асосий вазифаси сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва соҳадаги ишлар мувофиқлигини таъминлашдан иборат бўлади.
Бундан ташқари, 2025 йил охиригача белгиланган 15 та насос станциясида қуёш панеллари ва энергия тежамкор қурилмалар ўрнатилиши белгиланди. Бу сув таъминоти тизимининг барқарорлиги ва харажатларни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.