Қишлоқ хўжалиги индекси пасайди, саноатда ўсиш қайд этилди — тадқиқот

19:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг сўровномасига кўра, ҳар тўртинчи тадбиркор охирги уч ойда қўшимча ходим ишга олган.

Biznes muhit2

Июл ойида бизнес муҳити индекси 52 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 бандга юқори бўлди. Июн ойидаги ҳолат 47 бандни кўрсатган эди.

Хусусан, ҳозирги ҳолат индекси бир йил ичида 44 бандга кўтарилиб, 14 бандлик ўсиш кузатилди. Сотувлар ҳажмининг кенгайиши, ишчи кучига талабнинг ошиши ва ишлаб чиқариш барқарорлиги бунни қўллаб-қувватловчи асосий омиллар бўлди.

Сўровномаға кўра, келажакдаги кутилмалар бироз пасайди — 66 банддан 59 бандга тушди. Ўтган ойда эса кутилмалар 6 бандга ошиб, 80 банд бўлиши айтилган эди. Бироқ натижалар кутилгандек бўлмади, аксинча энди пасайиш прогноз қилинмоқда.

 

Тадбиркорлар нима дейди?

Респондентларнинг учдан бир қисми (37 фоизи) бизнес ҳолати яхшиланганини айтган. Тадбиркорларнинг 42 фоизи эса маҳсулот ва хизматларга талаб ўсганини қайд қилишди. Ҳар тўртинчи тадбиркор (24 фоиз) ишчилар сонини оширганлигини кўрсатган.

Ўтган ойда ҳам Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази худди шундай маълумот берган эди. Яъни 38 фоиз тадбиркорлар ҳолат яхшиланганини, 24 фоиз респондент эса ишчилар сони ортганини айтган.

Кутилмаларга келсак, сўровномада қатнашган тадбиркорларнинг 66 фоизи келгусида талаб ўсишини тахмин қилмоқда. Уларнинг ярмидан кўпроғи, яъни 53 фоизи ишчилар сони ошишини кутмоқда. Ҳар тўртинчи тадбиркор эса нархлар ўсади деб ҳисоблайди.

 

Тармоқлар бўйича ҳолат қандай?

Қишлоқ хўжалиги: Умумий индекс 50 бандни ташкил этди, ўтган ойга нисбатан 9 бандга пасайди. Сўровда тадбиркорларнинг 41 фоизи бизнеси яхшиланганини айтди, 79 фоизи эса келгусида ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонмоқда.

Саноат: Индекс июл натижаларига кўра 50 бандга етди, ўтган ойда эса 37 бандда қолган эди.

Тадбиркорларнинг 51 фоизи жорий ҳолатни «қониқарли»  деб баҳолаган, 74 фоизи эса келгусида шароит яхшиланишини кутмоқда.

Хизматлар соҳаси: «Индекс 54 бандни қайд этди, 3 бандга ўсди» дейди марказ. Бироқ ўтган ойдаги рақамлар билан солиштирсак, аксинча ҳолат 3 бандга тушган.

Қурилиш: Индекс 50 бандни ташкил этди (+5 банд). Сўровда қатнашганларнинг 42 фоизи бизнеси яхшиланганини айтган, 24 фоизи эса келгусида ўсиш бўлишига ишонмоқда.

Тадқиқот хулосаларига кўра, сўнгги 3 ойда бизнес ҳолати яхшиланган. Респондентларнинг 24 фоизи келгусида бизнес ҳолатининг яна ижобий ўсишини умид қилмоқда.

Ушбу тадқиқот Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги 1000 дан ортиқ корхоналардан олинган сўровнома асосида ҳисобланган.

Маълумот учун ўтган ой якунига кўра мамлакатдаги бизнес муҳити индекси 63 банд эди. Бу  сўнгги икки йилдаги рекорд кўрсаткич сифатида қайд қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ишсизлик даражаси 2025-йилнинг биринчи ярмида пасайиб, 5,1 фоизни ташкил қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.