Қисқа видеолар мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди

18:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Тадқиқотчиларга кўра, TikTok ва Instagram видеоларини ортиқча томоша қилиш мияда хавфли ўзгаришларга сабаб бўлади.

Nighr reels

Хитойдаги Тианжин педагогика университети олимлари олиб борган тадқиқотда, ижтимоий тармоқларда тарқалган қисқа видеоларга ортиқча берилиш нафақат вақт ўтказиш воситаси, балки мия фаолиятини жиддий ўзгартириши мумкинлиги қайд этилди. Ушбу натижалар «NeuroImage» журналида чоп этилди.

Нейробиологлар фикрига кўра, бундай қисқа роликлар мияга дарҳол «арзон» дофамин дозасини беради. Бундай доза асаб тизимини емиради ва наркотикка ёки қимор ўйинларига қўйилган ружу сингари боғланиб қолишни шакллантиради. Натижада инсон импульсив бўлиб қолиши, диққатини жамлаш ва ҳиссиётларини назорат қилиш қобилияти сусайиши мумкин.

Тадқиқотда қайд этилишича, қисқа видеоларни кўп томоша қиладиган инсонларда оддий завқ манбалари жозибасини йўқотади. Китоб ўқиш, одамлар билан мулоқот қилиш ёки оддий дам олиш улар учун кам қизиқарли кўрина бошлайди. Бу ҳолат одатдаги қарамлик механизмларини эслатиб, инсон тобора кучлироқ стимул излашга ўрганиб қолади.

Роликларни доимий варақлаб туриш бош миянинг хурсандчилик, диққат-эътибор, ўқиш-ўрганиш, ишлаш, сабр ва ирода учун масъул фронтал олд қисми зарарлайди. Чексиз равишда келаётган ёрқин ва тезкор стимуллар инсоннинг маълумотни эслаб қолиш қобилиятига ва ўзини тийиш имкониятига салбий таъсир қилади. Олимлар буни спиртли ичимликка ортиқча ружу қўйишдан кейин кузатиладиган когнитив бузилишларга қиёсламоқда.

Шу билан бирга, кечки пайтда TikTok ёки Reels кўриш уйқу жараёнларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди. Экраннинг ёруғлиги ва эмоционал жиҳатдан кучли контент инсоннинг биологик ритмини бузиб, мелатонин ишлаб чиқилишини секинлаштиради. Бу эса хотира ва ўрганиш жараёнларига таъсир қилиб, ҳатто етарли ухлаганда ҳам эрталабки «хиралик»ка сабаб бўлади.

Олимлар рақамли «гигиена» қоидаларига амал қилишни тавсия этмоқда. Жумладан, экран олдида ўтказиладиган вақтни чеклаш, қисқа танаффуслар қилиш ва интернет фаолиятини турли фаолиятлар билан уйғунлаштириш таклиф этилмоқда. Бундай ёндашув инсоннинг руҳий саломатлигини асраб, онгли равишда кўнгилочар материаллардан баҳраманд бўлиш имконини беради.