Россия иш жойларида мигрантлар улушини қисқартиришни режалаштирмоқда

13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йилдан бошлаб айрим соҳаларда чет эллик ишчилар улушини камайтириш бўйича қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Migrantlar

Ҳужжатга кўра, қурилиш соҳасида мигрантлар сони 80 фоиздан 50 фоизга туширилиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги, ёғоч ва пиломатериаллар савдоси, ўрмон хўжалиги ва қайта ишлаш соҳаларида эса бу кўрсаткич 50 фоиздан 40 фоизга пасайиши назарда тутилган.

Умумий овқатланиш муассасаларида ишчи жойларининг камида ярми Россия фуқароларига берилиши шарт қилинади. Аввал бу соҳада мигрантлар улушига нисбатан чекловлар йўқ эди. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари чакана савдосида эса улар учун ишлаш имконияти умуман бекор қилиниши таклиф этилган. Илгари бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил этарди.

Лойиҳада айрим ҳудудларда маҳаллий меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиқиб, алоҳида чекловлар жорий этилиши ҳам назарда тутилган. Масалан, Амур вилоятида озиқ-овқат ишлаб чиқариш, техника таъмири ва ветеринария соҳасида мигрантлар фаолияти тўлиқ тақиқланади. Ульяновск вилоятида эса шаҳар ва шаҳар атрофидаги жамоат транспорт хизматларида уларнинг ишлаши мумкин бўлмайди.

Вазирлик бу чоралар маҳаллий фуқароларни иш билан таъминлашга устуворлик бериш мақсадида киритилаётганини қайд этди. Аввалроқ Меҳнат вазирлиги рус тилини билмаган мигрантларни мулоқот талаб қиладиган касбларда ишлашини чеклаш таклифи билан ҳам чиққан эди.

Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербургда мигрантларга таксичилик ортидан курйерлик фаолияти ҳам тақиқланган эди.