Тахтақорача довонида янги пулли туннелни хитойликлар қуриши мумкин

10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Хитойнинг «Poly Changa» компанияси Тахтақорaча довонида йирик пулли туннел қуриш лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда.

Taxtaqoracha dovoni

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, вазир Илҳом Маҳкамов компания бош директори Жечун Мяо билан учрашиб, Китоб—Шаҳрисабз—Қарши автомобил йўлини қайта қуриш ҳамда Тахтақорачада туннел қуриш масалалари муҳокама қилди. Ушбу компаниянинг халқаро тажрибаси мазкур йирик инфратузилма лойиҳасига жалб этилиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда ўтган йиғилишда мазкур туннел қурилиши кечикиб, лойиҳа ҳали ишлаб чиқилмаганини кескин танқид қилганди. Ордан кўп ўтмай, Қашқадарёдаги йиғилишда яна шу масала кўтарилиб, довондан ўтиш шароитларини енгиллаштириш зарурлиги таъкидланган.

Вазир Илҳом Маҳкамов 2025 йил июлида туннел қурилиши бўйича халқаро тендер ўтказилаётганини маълум қилган. Унга кўра, учта компания даъвогарлик қилмоқда ва улардан бири август ойида ғолиб деб топилиши кутилмоқда. Кейинчалик тендер ғолиби билан шартнома имзоланиб, қурилиш ишлари бошланади.

Режага кўра, туннел узунлиги 7 километрни ташкил этади ва давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этилади. Лойиҳа қиймати тахминан 100 млн долларга баҳоланган. Янги туннелдан пулли йўл сифатида фойдаланиш кўзда тутилмоқда.