Хитой Ўзбекистон чарм саноатига 5 млн долларлик янги инвестиция киритади

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Хитойнинг «Simple Leasing» компанияси Ўзбекистон чарм саноатига 5 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция йўналтириш ниятини билдирди.

Xitoydam investitsiya

«Ўзчармсаноат» маълумотига кўра, дастлабки музокаралар Тошкент вилоятидаги «Ангрен Чарм» корхонасида ўтказилиб, замонавий технологик ускуналар олиб келиш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ассоциациядаги учрашувда лойиҳа амалга оширишнинг ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатлари, техник талаблар, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва экспорт йўналишлари юзасидан аниқ таклифлар алмашилди.

«Simple Leasing» делегацияси сентябр ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, ишлаб чиқариш майдонлари билан танишиши, музокараларни якунлаши ва шартнома имзолаш маросимини ўтказиши режалаштирилган.

«Ўзчармсаноат» раҳбариятига кўра, ушбу ҳамкорлик халқаро молия ва технологияларни жалб қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, янгидан иш ўринлари яратилиши, маҳсулот сифатининг ошиши ва ташқи бозорларда рақобатбардошлик кучайиши кутилмоқда.

Simple Leasing компанияси ускуналар молияси ва лизингига ихтисослашган бўлиб, турли соҳалардаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларида тажрибага эга.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой мутахассислари чарм саноатида ҳамкорликни кенгайтириш, экспортни кучайтириш ҳамда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берган эдик.