Зеленский: Украина Донбассни бермайди ва адолатли музокара талаб қилади

08:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Украина Россияга ўз назоратидаги ҳудудларни бермайди ва тинчлик музокаралари фронтдаги реал вазиятдан келиб чиқиши керак, деди Зеленский.

Zelenskyy ursula

Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен билан матбуот анжуманида Киев Россия билан ҳеч қандай ҳудудий келишувга бормаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Донбасс масаласида Путиннинг талаблари қабул қилиб бўлмайди ва Украина Конституцияси ҳеч қандай ҳудудни сотиш ёки бериб юборишни имконсиз қилади.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия 12 йилдан бери Донецк областини эгаллай олмаган ва ҳозир ҳам бу йўналишда муваффақиятга эриша олмаяпти. Шу сабабли, президент музокаралар фақат реал фронт чизиғидан келиб чиқиб олиб борилиши кераклигини таъкидлади. «Тўқнашув чизиғи — бу энг адолатли йўналиш», — деди у ва Европа мамлакатларининг бу позицияни қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди.

Украина раҳбари шунингдек, Кремлга нисбатан янги санкциялар жорий этиш зарурлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Владимир Путин Донбасснинг тўлиқ берилиши, Қримнинг тан олиниши ва Украина НАТОга қўшилишдан воз кечишини талаб қилаётгани ҳақида Ғарб оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Зеленский музокаралар олдидан ўт очишни тўхтатиш муҳимлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, уч томонлама учрашув Украина, Россия ва АҚШ иштирокида ўтказилиши лозим, аммо ҳозирча Москва бундай учрашувга тайёрлигини намоён қилмаяпти.

18 август куни Зеленский Доналд Трамп билан Оқ уйда учрашади.

Bloomberg ва Sky News маълумотларига кўра, унга Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэл Макрон, Британия бош вазири Кийр Стармер, Финландия президенти Александр Стубб ва Италия бош вазири Жоржиа Мелони қўшилади. Шунингдек, Урсула фон дер Ляйен ва НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам иштирок этади. Ушбу музокараларда Украинага хавфсизлик кафолатлари, ҳудудий масалалар ва Ғарбнинг қўшимча ёрдами муҳокама қилиниши кутилмоқда.