Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг маълум қилишича, поездлар ичида металл тузилиш сабабли ташқаридан сигнал яхши қабул қилинмаган. Шунинг учун ҳар бир вагонга алоҳида ускуналар ўрнатилиб, Wi-Fi хизмати йўлга қўйилди.
Вазир таъкидлашича, йўловчиларга қулай интернет хизматини тақдим этиш мақсадида дастлаб мавжуд поездлар махсус жиҳозлар билан таъминланди. Бу хизматдан энди барча йўловчилар бепул фойдаланиши мумкин.
Келгусида харид қилинадиган янги «Афросиёб» поездлари эса заводданоқ замонавий телекоммуникация воситалари билан жиҳозланиши режалаштирилмоқда. Бу эса интернет хизматини янада барқарор ва самарали қилиб тақдим этиш имконини беради.
Мутасаддиларга кўра, йўловчилар учун интернет хизматининг жорий этилиши йўлда вақтни унумли ўтказиш, иш ва мулоқот имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.