Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 19 август куни соат 00:45 да Бухоро шаҳри Зарафшон маҳалласи Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли ошхонанинг иккинчи қаватида ёнғин бошлангани ҳақида хабар тушган.
Ҳодиса жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етказилган. Улар оловга тезкорлик билан жавоб қайтариб, 00:49 да манзилга етиб борган ва 00:53 да ёнғинни ўраб олишга муваффақ бўлган. Олов тўлиқ 01:50 да бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида тахминан 100 метр квадрат майдонда ошхонанинг том қисми зарар кўрган. Вазирликнинг қайд этишича, ҳодиса оқибатида инсонлар тан жароҳати олмаган.
Айни пайтда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар мазкур воқеа бўйича қўшимча маълумот берилишини билдирди.