Электр ва газ узилишлари тадбиркорлар учун асосий муаммо бўлиб қолмоқда — Марказий банк

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Тадбиркорлик муҳити яхшиланганига қарамай, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳали ҳам бизнеснинг тўлиқ қувватда ишлашига тўсиқ бўлмоқда.

Gaz

Электр ва газ таъминотидаги узилишлар бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорлик субъектларининг тўлиқ қувватда фаолият юритишига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк ўзининг республикада бизнес кайфиятига бағишланган шарҳида маълум қилди.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича республикада тадбиркорлик муҳитини ўрганиш натижаларига кўра, сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг 61 фоизи бизнес учун шарт-шароитлар биринчи чоракка нисбатан яхшиланган.

«Ушбу кўрсаткич сўнгги икки йил давомида ўртача 50 фоиздан юқори даражада сақланиб келмоқда ва буни тадбиркорларнинг иқтисодий ислоҳотларнинг барқарорлигига бўлган ишончи билан изоҳлаш мумкин», — дейилади хабарда.

Тадбиркорлар бизнес муҳитидаги ижобий ўзгаришларни, аввало, йўл инфратузилмаси, энергия таъминоти яхшилангани ва бизнесга маъмурий аралашишлар камайгани, рақобат муҳити ва банк хизматлари сифати яхшилангани билан изоҳлаган. Шу билан бирга, солиқ маъмурчилиги, кредит олиш имкониятлари ва лицензиялаш жараёнлари бўйича ҳолат ўтган чорак даражасида сақланиб қолган.

Фарғона, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси сезиларли ошган бўлса, Хоразм, Қашқадарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида пасайган.

«Тадбиркорлар томонидан энергия таъминотидаги узилишлар, айланма маблағларнинг камлиги, солиқ тизимидаги мураккабликлар ва ижара харажатларининг юқорилиги тўлиқ қувватда фаолият юритмасликнинг асосий сабаблари сифатида қайд этилди», — дейилади шарҳда.