Адлия вазирлиги 18 август куни «Тижорат банкларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисида»ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.
Ҳужжатга кўра, ҳар бир банкда махсус Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик хизмати ташкил этилади.
Ушбу хизмат:
Банк ахборот активларини ҳимоя қилиш;
Тўлов маълумотларини ноқонуний ўзгартириш ҳолатларининг олдини олиш;
Банк ёки мижозларга зарар етказиши мумкин бўлган киберҳужумларни бартараф этиш учун жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, ҳар бир банк ахборот хавфсизлигига оид ички сиёсат ишлаб чиқиши ва қабул қилиши шарт.
Низомга кўра, банклар маълумотлар базаси созланишларида хатоликларни олдини олиши ва тажовузкорлар томонидан маълумотлар базасига кириш, паролларни ўзлаштириш, тизим файлларига аралашиш, зарарли дастур ўрнатиш ёки серверга масофадан ҳужум қилиш эҳтимолини чеклаши зарур.
Тармоқлараро экран қурилмалари ва прокси-серверларнинг электрон баённомалари доимий таҳлил қилиниб, ташқи ҳужумлар аниқланганда бу ҳақда Марказий банкка дарҳол хабар берилади.
Янги низом банк тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтириш, мижозлар маблағларини ҳимоя қилиш ва молия секторини киберхавфсизлик талабларига мослаштиришга хизмат қилади.