Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида ёнғин чиқди

11:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида ёнғин содир бўлди. Ҳозирча ҳодисада жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Yong'in

19 август куни соат 11:11 да Олмазор тумани, Зарқайнар кўчасида жойлашган Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қурилиш маҳсулотлари ёнгани ҳақида хабар тушиши билан ҳодиса жойига навбатчи ва қўшимча ёнғин-қутқарув экипажлари етиб борган.

Ёнғин «Ислом цивилизацияси маркази» биносининг том қисмида изоляция қопламаларини ётқизиш ишлари олиб борилишида технологик жараённи бузилиши оқибатида келиб чиққан.

Соат 11:32 да ёнғин ўраб олиниб, соат 11:34 да ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида 19 кв.м бинони том қисмидаги майдонда изоляция маҳсулоти ёниб зарарланган. ФВВнинг хабар беришича, бинода нодир экспонатлар сақланмаган ва бинонинг ички қисмига зарар етмаган.

Вазирликка кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирча моддий зарар миқдори очиқланмади.