Мансабдорлар айби билан етказилган зарар энди ўзларидан ундирилади

15:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Фуқароларга етказилган зарар аввал компенсация жамғармалари ҳисобидан қопланади, сўнг айбдор мансабдордан ундирилади.

Oliy majlis

Лойиҳада моддий ёки маънавий зарар етказилганда унинг ўрни аввал Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компенсация жамғармалари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган. Бунда суднинг қонуний кучга кирган қарори асос бўлади.

Кейинчалик ушбу маблағлар зарарга сабабчи бўлган давлат органи мансабдор шахсидан регресс тартибида тўлиқ ундирилади. Шу орқали айбдор шахс шахсан молиявий жавобгарликка тортилади.

Ҳужжатнинг иккинчи ўқишга тайёрланиш жараёнида партиялар фракциялари ва депутатлар таклифлари ҳисобга олиниб, айрим нормалардаги ноаниқликлар бартараф этилди ва асосий тушунчалар ҳуқуқий техник жиҳатдан аниқлаштирилди.

Йиғилишда таъкидланишича, қонун фуқароларнинг давлат органлари ёки уларнинг мансабдорлари ноқонуний қарорлари ёки ҳаракатлари сабаб етказилган зарар давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқини таъминлайди. Шу билан бирга, айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Қонунчилик палатаси учинчи ўқишда фуқароларга етказилган зарарни қоплаш тартибини белгилайдиган қонун лойиҳасини маъқуллаб, Сенатга юборди.