Меҳнат инспекторлари олдиндан хабардор қилмай текширув ўтказади

10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат меҳнат инспекторлари текширув ўтказиш учун иш берувчиларни олдиндан хабардор қилмайди. Янги тартиб меҳнат қонунчилигини бузган иш берувчиларни жазолаш ва норасмий бандликка чек қўйишга қаратилган.

HujjatFoto: Daryo.uz

Бу Президентнинг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланди.

Фармонга кўра, 2025 йил декабргача меҳнат инспекторлари текширув ўтказиш тартибини тасдиқловчи ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Янгиланган тартибда иш берувчи олдинги кўрсатмаларни бажармаган ёки норасмий ишчиларга ҳақ тўламаслик ҳолати аниқланганда қайта текширув ўтказиш имконияти назарда тутилади.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъекти номи кўрсатилмаган ҳолларда ҳам манзили аниқ белгиланган ҳолда текширув тайинланиши мумкин бўлади. Текширув тўғрисидаги маълумотлар иш берувчига ЯММТ орқали юборилади.

Фармонга мувофиқ, 1 сентябрдан «Хавфни таҳлил қилиш» тизими асосида олиб бориладиган текширувлар олдидан 10 иш куни аввал хабардор қилиш амалиёти меҳнат инспекторлари учун бекор қилинади. Шу санага қадар корхоналар мавжуд вакансиялар ҳақида бандлик органларига ҳисобот бериш мажбуриятидан озод этилади.

Эндиликда иш берувчилар бандлик органи йўлланмаси орқали келган номзодни ишга қабул қилмаган тақдирда изоҳ беришга мажбур эмас. Бироқ норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади.