Мубашшир Аҳмад суди очиқ, аммо чекловлар билан бошланди
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер) Турсуновга оид жиноят иши судя Бобур Раҳимов раислигида кўриб чиқилди.
Суд жараёни расман очиқ деб белгиланган бўлса-да, унда қатъий чекловлар жорий этилди. Журналистлар суд залига киритилди, аммо камера ва телефон воситаларидан фойдаланиш тақиқланди. Шунингдек, уларга суддан ташқарида фикр билдириш мумкин эмаслиги айтилди. Кейинги суд мажлиси 8 сентябр куни ўтказилиши эълон қилинди.
Ўзбекистон ғалласи: номаълум статистика, нархлар ошиши ва жаҳон бозоридаги хавф
2025 йилнинг ғалла мавсуми якунланмоқда, бироқ ҳосил ҳақида расмий маълумот эълон қилинмади. Илгари фермерлар кенгаши ёки вазирлик 15 июлдан қолмай бу борада ахборот бериб келган бўлса, бу йил бутун соҳа жим. Бу ҳолат бозорда турли тахминлар, нархлар барқарорлиги ва импортга қарамлик ҳақида кўплаб саволлар туғдирмоқда.
Vaqt.uz Нон нархларига нима таъсир қилиши, Ўзбекистонда ун маҳсулотларига талаб қандай экани ва Қозоғистондаги ҳолат ҳақидаги саволларга жавоб излади. мақолани мазкур ҳаволадан топасиз.
Дунёда нефт нархи пасайди: Ўзбекистонда эса бензин яна қимматлашди
Украинада урушини тугатиш бўйича музокаралар жаҳон бозорида нефт нархини 10 фоиздан кўпроққа арзонлаштирди. Бироқ бу ҳол Ўзбекистондаги бензин нархида заррача акс этаётгани йўқ.
Бутун дунёда нефт нархи 10 фоиздан ортиқ арзонлади, бироқ Ўзбекистон бунинг тескари содир бўлди. Стандартларга жавоб бермайдиган АИ-92 нархи тоннасига 13 млн 66 минг сўмга ошган эди. Аниқроғи, 1 литр 92 бензин нархи камида 10 минг 700 сўмгача кўтарилди. Ҳаттоки, айрим АЁҚШларда АИ-80 бензиннинг нархи 9 минг сўмга етган. Яъни 11-12 фоизга қимматлади.
Электр ва газ узилишлари тадбиркорлар учун асосий муаммо бўлиб қолмоқда — Марказий банк
Электр ва газ таъминотидаги узилишлар бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорлик субъектларининг тўлиқ қувватда фаолият юритишига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк ўзининг республикада бизнес кайфиятига бағишланган шарҳида маълум қилди. Фарғона, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси сезиларли ошган бўлса, Хоразм, Қашқадарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида пасайган.
«Тадбиркорлар томонидан энергия таъминотидаги узилишлар, айланма маблағларнинг камлиги, солиқ тизимидаги мураккабликлар ва ижара харажатларининг юқорилиги тўлиқ қувватда фаолият юритмасликнинг асосий сабаблари сифатида қайд этилди», — дейилади шарҳда.
Тошкент вилоятида иссиқ сув тарифлари ошади, шундай бўлса ҳам пойтахтдан арзон
Тошкент вилояти халқ депутатлари Кенгаши 2025 йил 18 августдаги йиғилишида иссиқ сув ва иситиш хизматлари учун янги тарифларни тасдиқлади. Қарорга кўра, аҳоли, бюджет ташкилотлари ва йирик истеъмолчилар учун хизмат нархлари 10 сентябрдан амалга киритилади. Аҳоли учун хизмат нархлари ўртача 10 фоизга оширилади.
Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, янги нархлар жорий этилгандан кейин ҳам Тошкент вилоятидаги тарифлар пойтахтдагидан анча арзон бўлиб қолмоқда. Масалан, «Issiqlik ta’minoti» МЧЖда 1 куб метр иссиқ сув 5 654,88 сўм этиб белгиланган. Солиштириш учун, ҳозир «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ тарифларига кўра, пойтахтда 1 куб метр иссиқ сув 7 764,06 сўмни ташкил этади. Бу эса вилоятда нархлар 37 фоизга арзон эканини кўрсатади.
Яна бир жиҳат, Veolia Energy Tashkent МЧЖ 1 октябрдан тарифларини оширгач, вилоят ва пойтахтдаги иссиқ сув нархлари ўртасидаги фарқ 57,9%га етади. Бу ҳолат вилоятдаги иссиқ сув хизматлари пойтахтдагидан анча арзон бўлиб қолишини англатади.