Ўзбекистон ғалласи: номаълум статистика, нархлар ошиши ва жаҳон бозоридаги хавф

18:30 | 9 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг ғалла мавсуми якунланмоқда, бироқ ҳосил ҳақида расмий маълумот эълон қилинмади. Илгари фермерлар кенгаши ёки вазирлик 15 июлдан қолмай бу борада ахборот бериб келган бўлса, бу йил бутун соҳа жим. Бу ҳолат бозорда турли тахминлар, нархлар барқарорлиги ва импортга қарамлик ҳақида кўплаб саволлар туғдирмоқда.

Galla1

Расмий ҳисобот йўқ: нима учун?

Ўзбекистонда ёз мавсуми тугашига икки ҳафта қолди, аммо ҳозиргача ҳосил ҳажми ҳақида ҳеч қандай расмий ахборот берилмади. Солиштириш учун: 2024 йилда фермерлар кенгаши 9 млн тонна ғалла хирмони уюлганини 30 июнда маълум қилган, 2023 йил 15 июлда эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 8,1 млн тонна йиғим-терим ҳақида ҳисобот берган эди. Бу йил эса вазирлик ҳам, кенгаш ҳам жим.

Kun.uz сайтининг маълум қилишича, йил бошидаёқ мутахассислар ўртача ҳосилдорлик 20 центнергача пасайиши мумкинлигидан хавотир билдиришган. Май ойида ҳаво иссиқ ва қуруқ келгани сабабли бошоқлар тўлиқ етилмай, тўкилиб кетган. Оқибатда ҳосил кутилганидан ҳам ёмон натижа қайд қилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, реал рақамлар 5 млн тоннага ҳам етмаган. «Балки ғалла хирмони ҳақида расмий хабар берилмагани ҳам шу билан боғлиқдир?», — дея савол қўяди у.

 

Нон нархларига нима таъсир қилади?

Ўзбекистон Марказий банки таҳлилларига кўра, 2020–2025 йил май ойига қадар ун 73,5 фоиз, нон эса 77,6 фоиз қимматлашган. Энг катта ўсиш 2022-йилда кузатилган. Бунда Россиянинг Украинага босқини асосий сабаб бўлган.

Буғдойнинг глобал ва ички нархлари 2022-йилдан буён кескин ва каррасига арзонлашганига қарамай, ун ва нон нархи ўсишдан тўхтамаган. Ёқилғи-энергетика, транспорт, коммунал тарифларнинг юқори ўсиши буғдой арзонлашишига тўсиқ бўлиб турган.

Galla2

2025-2026-йилларда жаҳон бозорида буғдой нархи барқарор сақланиши кутилмоқда. Халқаро дон кенгаши маълумотига кўра, дунёда буғдой ишлаб чиқариш ҳажми 806,4 млн тоннага етиши прогноз қилинди. Бу асасон Европа давлатларидаги ҳосилдорликнинг ошиши ҳисобига тўғри келади. Аммо дунёда буғдой нархи ва таклифларига оид кескин ўзгаришлар ҳақида хавотирлар сақланиб қолмоқда.

 

Ўзбекистонда ун маҳсулотларига талаб қандай?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолисининг ўсиш кўрсаткичи ўртача 2 фоиз. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига таянилса, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда ун эквиваленти бўйича ўртача йиллик истеъмол бир киши учун 171 кг атрофида тўғри келади.

Шундан келиб чиқиб, аҳолис онининг ҳар йили ўртача 1 млн кишига кўпайиши нон ва нон маҳсулотларига (буғдой унига) бўлган йиллик талабни ўрта ҳисобда 171 минг тоннагача ошириши мумкин. Шу йил апрел ҳолатига кўра аҳоли сони 37,7 млн киши бўлса, бошқа омиллар ўзгармаган ҳолатда кейинги 5 йилда буғдой унига бўлган йиллик талаб тахминан қўшимча 670 минг тоннага ошиши кутилмоқда.

 

Буғдой экспорти ва импорти

Буғдой импорти ҳажми 2020 йилда 2,6 млн тоннадан 2024 йилда 3,6 млн тоннагача ошган. Бу қарийб 40 фоизга ўсиш дегани. Импортнинг 99 фоизи Қозоғистондан келган.

Galla3

Буғдой ва ун маҳсулотларининг экспорт ҳажми 2,3 млн тоннагача ошган. Буғдой истеъмоли 2020 йилдаги 10,5 млн тоннадан 2024 йилга келиб 11,3 млн тоннагача ўзгарган.

Нархлар эса 2021 йилдаги 296 доллардан, деярли ўзгаришсиз қолиб, 2024-йилда 294 долларни ташкил этган. Ўтган йилда экспортнинг 94,2 фоизи Афғонистонга тўғри келади. Солиштириш учун: 2022-йилда Афғонистон улуши 100 фоиз бўлган.

 

Қозоғистонда ҳолат қандай?

Ўзбекистоннинг ғалла бозори асосан Қозоғистон ҳосилига боғлиқ. USDA’нинг август ойи прогнозларига кўра, Қозоғистон бу йил 15,5 млн тонна буғдой ҳосил қилади, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 20 фоиз кам.

Ҳосилдорлик гектарига 12 центнерга тушиши кутилмоқда. Шу боис, мамлакат буғдой экспортини 10,2 млн тоннага ўрнига 8 млн тоннага қисқартириши мумкин. Энг катта харидор – Ўзбекистон. 15 август ҳолатига Қозоғистонда 1,6 млн тонна буғдой йиғиб олинган.

Агар Ўзбекистоннинг ғалла хирмонига оид ёлғон статистикалар берилса, куз-қиш мавсумида ун ва чорва-паррандаларнинг ем нархи реал вазиятни ошкор қилиб қўяди.

«Шунинг учун ғалланинг реал рақамлари керак, шиор учун шиширилганлари эмас. Бу нафақат фермерларга, балки ғалла хомашё бўлган ва ёндош соҳаларга ҳам тўғри ва аниқ тасаввур асосида прогнозлар ва қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Тўғри ва асосли рақамлар ортиқча ишлаб чиқариш (қишлоқ хўжалиги учун катта муаммо) ёки тақчилликни олдини олади, рағбатларни ўлдирмай, нархларни барқарорлаштиради», деб ёзмоқда иқтисодчи Бакиров блогида.

Хулоса қилганда, ғаллага оид ҳаққоний ҳисоботлар эълон қилиниши керак. Бу фермерлар учун ҳам, ёндош соҳалар учун ҳам жуда муҳим. Агар ясама маълумотлар берилса, қишки мавсумга келиб нарх-навонинг ўзи реал ҳолатни кўрсатиб қўяди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.