Ўзбекистон ва Қозоғистон АЭС майдонларининг сейсмик хавфсизлигини муҳокама қилди

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон атом электр станциялари қурилиши режалаштирилаётган майдонларнинг сейсмик хавфсизлигини ўрганиш масаласини муҳокама қилди.

Aes muhokama

18 август куни «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Жомарт Алиев бошчилигида ўтган учрашувда атом энергетикаси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, илмий муассасалар ва муҳандислик компаниялари вакиллари иштирок этди. Томонлар сейсмик барқарорлик, хавфсизлик ва экология масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон делегацияси ядровий ва радиациявий хавфсизлик бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди, Қозоғистон эса уларни ижобий баҳолади.

Шунингдек, радиациявий ҳолат ва экологик вазиятни мониторинг қилишнинг қўшма тизимини шакллантириш, маълумотлар алмашинуви ҳамда авария ҳолатларига тезкор жавоб механизмларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат мутахассислар тайёрлашда тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва янги технологиялар бўйича ҳамкорлик қилишга келишди.

Учрашувда Ахмедхаджаев Қозоғистоннинг АЭС қурилишида илк муҳандислик ишларига киришганини мамнуният билан қайд этар экан, икки давлатда атом энергетикаси тараққиётида ўхшаш жараёнлар кечаётганини таъкидлади.

Маълумот учун, Қозоғистон биринчи АЭСни Олмаота вилоятида қуриш бўйича «Росатом» билан келишувга эришган. Ўзбекистон эса 2018 йилда Россия билан АЭС қуриш ҳақидаги ҳукуматлараро битимни имзолаган бўлиб, 2026 йилга қадар кичик АЭС қурилишини бошлаш режалаштирилган. Шунингдек, июнь ойида «Ўзатом» ва «Росатом» катта қувватли АЭС қуриш бўйича келишув имзолаган эди.