Ўзбекистонда 2000 га яқин хонанда даромади тўғрисида солиқ декларацияси тўлдирди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Солиқ қўмитаси Soliq мобил иловасида концерт-томоша фаолияти вакиллари учун солиқ декларациясини топшириш бўйича жорий этилган янги хизматнинг дастлабки натижаларини маълум қилди.

Honanda

Ўзбекистонда икки мингга яқин санъаткор ва ижрочи Soliq иловаси орқали даромад солиғи декларациясини тўлдирди. Хоразм, Тошкент ва Бухоро вилоятлари санъаткорлар энг кўп ҳужжат топширган вилоятлар учлигига кирди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, июн ойи охирида ишга туширилган хизмат хонанда ва ижрочиларга солиқ органларига йиллик умумий даромадлари тўғрисидаги декларацияни соддалаштирилган тартибда тақдим этиш имконини беради. Шу мақсадда тизим «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг маълумотлар базаси билан интеграциялашган.

Лицензияга эга бўлган санъаткорлар иловада ўз шахсини ва Face ID`сини тасдиқлаганидан сўнг хизматдан автоматик равишда фойдаланиши мумкин.

Хабарга кўра, 1954 нафар лицензия эгаси солиқ декларациясини топширган. Тақдим этилган декларациялар сони бўйича топ 5 та ҳудудга қуйидагилар киради:

Хоразм вилояти — 294 та;
Тошкент шаҳри — 291 та;
Бухоро вилояти — 212 та;
Самарқанд вилоятида — 207 та;
Тошкент вилояти — 157 та.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси томонидан концерт ва саҳна санъати соҳаси вакиллари ўртасида #mendeklaratsiyatopshirdim_challenge ва #яподаюдекларацию хештеги остида челленж бошланган.