Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 август куни Покистон Ислом Республикаси Штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Саҳир Шамшод Мирзо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Генерал Ўзбекистон раҳбарига Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Покистон бош вазирининг жорий йилнинг февраль ойидаги Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Покистон кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Турли даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда, хавфсизликка замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги амалий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳаси бўйича имзоланган уч томонлама битимни тез фурсатда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.