Суд бировнинг авторақамини тақиб қарийб 1000 марта қоида бузган собиқ «опер»га ҳукм ўқиди

19:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Суд ҳукмига кўра, И.Х. бегона одамга тегишли давлат авторақамини қонунга хилоф равишда шахсий автомобилларга ўрнатган. Аммо у етказган зарар ва қоидабузарликлар судда тасдиқланмади.

AvtoraqamИллюстратив фото

2025 йил 7 август куни Тошкент шаҳар Чилонзор туман судида Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИО ФМБ тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили (опер) лавозимида ишлаган И.Х.нинг жиноят иши юзасидан қарор чиқарилди. У 2023 йилда «Chevrolet Optra» автомобилдан ечиб олинган 01 L 508 GB давлат авторақамини ўз эҳтиёжи учун қонунга хилоф равишда ишлатгани аниқланди. Рақамни ДЙҲХХ расмий органларига топширмасдан, турли шахсий автотранспорт воситаларига тақиб, 2024 йил ноябригача ҳаракатланган. Тергов материалларига кўра, шу рақамни тақиб ҳаракатланган автомашиналарда 685 млн сўм жаримага тортиладиган 994 бор турли қоидабузарликлар содир этилган.

Тергов органлари И.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 227-моддаси (давлат рақамини қонунга хилоф эгаллаш) бўйича иш очди.

Бироқ судда маълум бўлишича, давлат авторақами 2022 йилда эмас, балки 2023 йил октябрда олинган. Шунинг учун 2022 йилдан ҳисобланган қоидабузарликлар асоссиз, деб топилди. Суд тергов томонидан қоидабузарликлар бўйича расмий рўйхат ва қарорлар тақдим этилмаганини ҳам қайд этган.

Натижада, суд 205-модда бўйича айбловни ишдан чиқарди. Аммо 227-модда 1-қисми асосида (давлат рақамидан ноқонуний фойдалангани учун) И.Х. айбдор деб топилди. Жиноят иши материалларига кўра, унинг оилавий аҳволи ва соғлиги енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган, ғаразли нияти эса оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланди.

Суд унга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. 01 L 508 GB рақами ЙҲХБга қайтарилиши, ҳужжатлар ва дисклар эса иш материаллари билан сақланиши белгиланди. Аммо авторақам тақиб содир этилган қоидабузарликлар учун миллионлаб жаримани энди ким тўлашига суд ойдинлик киритмаган.