Тожикистонда фолбин ва сеҳргарларга борганлар учун ҳам жарима қўлланиши мумкин

17:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Тожикистон ҳукумати фолбин ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланган фуқароларга ҳам маъмурий жазо белгилашни таклиф қилди. Жарима 81 долларгача етиши мумкин.

Folbin

ASIA-Plus хабарига кўра, ҳукумат парламентга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш киритиш таклифи билан чиқди. Агар таклиф маъқулланса, фолбин ва сеҳргарларга ташриф буюрган мижозлар 750 сомонийгача жарима тўлайди.

Шу билан бирга, эзотерик фаолият билан шуғулланганлик учун жазо ҳам кучайтирилди. Эндиликда фолбин ва сеҳргарлар 6000–7500 сомоний (631–789 доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Тожикистон расмийлари сўнгги бир йилда бундай фаолиятга қарши курашни кучайтирди. Ўтган йил ёзида Ички ишлар вазирлиги мижозларни ҳокимият идораларига чақириш ва уларнинг исмлари ҳамда фотосуратларини маълумотлар базасига жойлаштиришни бошлаганди. Бу чоралар уларнинг мижозларини камайтириш ва фаолиятига чек қўйиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, фақат 2025 йилнинг январ-июн ойларида фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланишнинг 495 та ҳолати аниқланган. Бу мамлакатда эзотерик хизматлар кенг тарқалганини кўрсатади.