Интерпол Миллий марказий бюроси маълумотига кўра, Тошкент ва Бангкок бюроларининг ҳамкорлигида халқаро қидирувда бўлган шахсни топшириш масаласи ҳал этилган. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўта йирик миқдордаги фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган Х.К. номли фуқаро терговдан қочиб, чет элга яшириниб кетган. Шу сабабли унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.
Маълумотларга кўра, Таиланд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар натижасида айбланувчи ушланган. Кейинчалик у Ўзбекистонга депортация қилинган ва Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида Миллий марказий бюро ходимлари томонидан қўлга олинган.
Фуқаронинг айблови бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мазкур жиноят иши юзасидан қўшимча маълумотларни кейинроқ эълон қилиши мумкин.
Аввалроқ, иқтисодий ва мулкий жиноятларда айбланган уч шахс БААдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.