BBC хабар беришича, Ҳирот вилоятида Кобулга йўналган автобус юк машинаси ва мотоцикл билан тўқнашиб, ёниб кетган. Вилоят маданият ва ахборот бошқармаси раҳбари Аҳмадуллоҳ Муттақий маълумотича, автобусдаги барча йўловчилар ва бошқа транспорт воситасидаги икки киши нобуд бўлган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммад Юсуф Саидийнинг айтишича, барча йўловчилар Эрон чегарасидаги Исломқалъа шаҳридан автобусга чиққан. Ҳирот полицияси ҳалокатга ҳайдовчининг ортиқча тезлиги ва эҳтиётсизлиги сабаб бўлганини билдирди.
Сўнгги ойларда Эрон ҳужжатсиз афғон муҳожирларини депортация қилиш суръатини кучайтирган. Расмий Теҳрон июлга қадар ихтиёрий чиқиш муҳлати берган бўлса-да, июн ойида Исроил билан қисқа муддатли урушдан кейин юз минглаб муҳожирлар миллий хавфсизлик баҳонасида мажбуран қайтарилди.
БМТ Қочқинлар агентлиги маълумотларига кўра, жорий йил бошидан бери 1,5 миллиондан зиёд афғон Эрондан чиқиб кетган. Мутаҳассислар таъкидлашича, Афғонистон бу қадар катта оқимни қабул қилишга ҳозир эмас. Мамлакат ҳозирда Покистондан қайтарилаётган юз минглаб муҳожирлар билан ҳам курашмоқда. «Save the Children Afghanistan» ташкилоти раҳбари Аршад Маликнинг таъкидлашича, қайтарилган бу қадар катта оқим ёрдам қисқаргани бир пайтда аҳоли ресурсларига қўшимча босим юкламокда.